ГАЗАКЎТ (Gentiana L.) — газакўтдошлар (эрбаходошлар) оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Ўзбекистонда 7 тури бор. Ўзбекистонда кенг тарқалган тури (G. olivieri griseb.) паст бўйли (10 — 30 см), кўп йиллик ўт. Барглари туксиз; гуллари кўкбинафша, кўк; поянинг юқори қисмида 1—3—6 тадан бўлиб, соябонсимон тўпгулларда жойлашган. Меваси чўзиқ кўсакча. Уруғлари майда. Май—июнда уруғлайди. Адир ва тоғларда чағир тошли қуруқ ён бағирларда ўсади. Халқ табобатида безгак, меъда касалликларига даво қилиш ҳамда оғиз чайиш, қон кетишини тўхтатиш ва яраларни даволашда қўлланилади.