ГАЗЛАМА

ГАЗЛАМА — аркок ва танда ипларининг ўрилишидан ҳосил бўладиган, пардозланган ва ишлатишга тайёр мато. Ўлчаб — газлаб (қ. Газ) сотилганлиги учун шундай номланган. Газлама қадимда дарахт пўстлоқларидан қўлда, кейинчалик толалардан ёғоч дастгохлар, дўконлар, тўқув станокларида тўқилган. Ҳозир асосан автомат станокларда тўқилади.

Оқартирилган, сидирға ёки гулли, ўнг томони тукли ва туксиз Газламалар бўлади. Газламадан кийим-кечак тикилади, рўзғор буюмлари тайёрланади, у техниканинг турли соҳаларида ишлатилади. Газламалар танда (ўриш, бўйлама) ва арқоқ (энлама) ипларнинг ўрилиши, уларнинг материали, эни, пардоз турлари, ишлатилиши билан бир-биридан ажралади (ип газлама, жун газлама, ипак газлама ва ҳ. к.). Г. нинг пишиқлик, киришувчанлик, чўзилувчанлик, қалинлик хоссалари бор. Пишиқлик — танда ва арқоқ ипларининг пишитилиши ва ўрилишига боғлиқ, у махсус динамометр ёрдамида аникданади. Чўзилувчанлик — танда ва арқоқ иплари йўналишида тортилганда йиртилгунча узайиши. Динамометрда пишиқликни ўлчаш вақтида аниқланади. Киришувчанлик — сақлаш, ҳўллаш, ювиш ва б. ҳолларда ўлчамининг қисқариши. У танда ва арқоқ ипларининг материали ва хоссалари, тўқиманинг тузилиши ҳамда пардозлаш хилларига боғлиқ; Г. 3—10% киришиши мумкин. Қалинлиги танда ва арқоқ ипларининг йўғонлигига, зичлиги ва пардоз турларига боглиқ. Кийимлик Газлама ларнинг қалинлиги 0,1—5,0 мм, техникада ишлатиладиганлариники бундан қалин бўлади. Қалинлик махсус асбоблар билан ўлчанади. Газламаларни пардозлашда тукини йўқотиш, оҳорини тўкиш, оқартириш, бўяш, гул босиш, тараш ва б. ишлар бажарилади. Тукини йўқотиш — Г. юзига чиқиб қолган ип ва толаларни олиб ташлаш; куйдириш ёки қирқиш йўли билан бажарилади. Куйдириш учун Газламалар қизитилган металл юзасидан ёки газ алангаси устидан тез ўтказилади. Қирқиш эса махсус машиналарда тез айланувчи пичоқлар ёрдамида бажарилади. Бунда Газлама текис ва чиройли бўлиб чиқади. Оҳорини тўкиш — танда ипларидаги оҳорни ювиш, бунда Газлама махсус эритмали ҳовузда ивитилади, сўнгра ювиб оҳордан тозаланади. Оҳори тўкилган Газлама бўялади, гул босишда бўёвчи моддалар ипларга яхши ўрнашади ва ювилганда айнимайди. Оқартириш — тўқимадаги табиий сарғиш рангни йўқотиб, газламага оқ тус бериш. Газламалар тўлиқ оқартирилгандан сўнг бўялади ёки гул босилади. Сидирға бўяш — Г. ларни турли ранглар билан бир хил қилиб бўяш. Гул босиш — Г. нинг ўнг томонига турли ранглардан махсус машиналарда безаклар тушириш. Тараш — тўқимадаги арқоқ ипларини титиб, толаларини юзага чиқариш жараёни. Бу жараён ниналик тасма (кардолента) ёрдамида тарашлаш машиналарида бажарилади. Бунда Газламалар (мовут, пахмоқ ва б.) иссиқ сақлайдиган ва майин бўлади. Хоналарни безаш, мебелларга қоплаш, эшик ва деразаларга тутиш учун ишлатиладиган Газлама безак мато деб аталади. Бундам матолар тўқилади ёки пардозлаш вақтида гул босиб тайёрланади. Улар пишитилган ҳар хил рангли иплардан (пахта, жун, ипак ва кимёвий толалар ҳамда металл иплардан) тўқилади. Безак Газламалар жаккард машинаси ёрдамида йирик гулли ўрилишда тўқув дастгохларида ёки қўлда тўқилади. Ўнги текис, ғадирбудур ва тукли бўлади. Бундай газламалар пишиқ, ёруғбардош бўлиши керак (яна қ. Атлас, Банорас, Батист, Беқасам, Бўз, Чит, Тўқимачилик, Тўқувчилик).

Ад.: Олимбоев Э. Ш. ваб., Тўқувчилик технологияси ва тўқув станоклари, Т., 1987.