ГАЗОТРОН

ГАЗОТРОНанод ва катод электродларидан иборат бўлган энг оддий ион асбоб. Ичига аргон ёки симоб буғлари тўддирилган шиша баллон. Агар Газотрон электродларига етарли қийматдаги анод кучланиши берилса, термоион эмиссия натижасида катод сиртидан электронлар ажралиб, электр майдон таъсирида мусбат зарядланган анод томон ҳаракатланади. Бунда электронлар газ атомлари билан тўқнашиб, уларни электрон ва мусбат ионларга ажратади. Натижада ионлашган газнинг турли рангдаги плазма ҳолати юзага келиб, унинг электр ўтказувчанлиги кескин кўтарилади ва электр разряди (ток ўтиши) содир бўлади. Шу сабабли, ишлаш тамойили электр разряди ҳодисасига асосланган Газотронлар электрон асбобларга нисбатан катта ток, юқори ф. и. к. га ва катта кучайтириш коэффициентига эга бўлади. Газотрондан асосан ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантирадиган тўғрилагич сифатида фойдаланилади.