ГЕЛИЙ

ГЕЛИЙ (лот. Helium) , He—Менделеев даврий системасининг саккизинчи гуруҳ кимёвий элементи, тартиб раками 2, ат. м. 4,0026, рангсиз ва ҳидсиз газ. Табиий Гелий икки изотоп аралашмасидан иборат (3Не, 4Не). 1868 й. да француз астрономи Ж. Жансен ва инглиз астрономи Р. Локьер қуёш спектрида янги сариқ чизиқни аниқладилар. У ўша вақгда маълум бўлган элементлар чизиғига сира ўхшамасди. Бу номаълум элементга Гелий деб ном берилди (юн. helios — қуёш). 1895 й. да инглиз кимёгари У. Рамзай Г. ни радиоактив клевеит минералидан олишга муваффақ бўлди. Клевеитни қиздирилганда ажралиб чиққан газ спектрида ҳам ўша чизиқ бор эди. Ерда Гелий жуда кам: 1 м3 ҳавода бор-йўғи 5—24 см3, 1 кг ер моддасида 0,003 мг Гелий бор. Гелий фазода энг кўп тарқалган элементлардан бири (водороддан кейин 2-ўринда туради). Космос массасининг деярли 23% и Г. дан иборат. У ҳажм жиҳатидан ер атмосферасининг 0,0005% ини ташкил этади. Ер юзида Гелий асосан Ер пўстидаги радиоактив элементлар (клевеит, монацит ва торианит) таркибида учрайди. Гелий саноат миқёсида табиий газлардан ва нефть газларининг углеводородли ёки азотли бирикмаларидан олинади. Кўпгина нефть ва газ конларида табиий Гелий захиралари бор. Ер юзидаги Гелийнинг асосий қисмини 4Не ташкил этади. 4Не уран, торий каби радиоактив элементларнинг парчаланишидан ҳосил бўлади. 3Не жуда оз миқдорда учрайди. Таркибида 2 г уран ва 10 г торий тутган 1 т гранит радиоактив парчаланганда 1 мг Гелий ажралиб чиқади. Атмосферада водороднинг оғир изотопи тритий (Т) парчаланганда 3Не ҳосил бўлади. Гелий нормал шароитда бир атомли газ. Зичлиги 0,17846 г/л, қайнаш т-раси — 268,9°. Г. нормал босимда ҳар қанча совитилганда ҳам суюқ ҳолатини сақлай оладиган ягона модда. Г. 2,5 МПа босим остида кристалланади. Иссиқлик ўтказувчанлиги 0,1437 Вт/(м. к.). Г. атомининг радиуси 0,85 дан 1,33 Е гача. 20° да 1 л сувда 8,61 см3/л, этанодда 3 см3/л Г. эрийди. 4Не изотопларидан иборат суюқ Гелийнинг ажойиб хоссалари бор. У таркибида Гелий бўлган табиий газлардан олинади. Гелийнинг инертлик хоссасидан металларни қирқишда, пайвандлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини консервалашда фойдаланилади. Гелийнинг ёнмаслиги ва зичлигининг кичиклиги стратостатларни тўлдиришда қўл келади. Гелий юқори иссиқлик ўтказувчанлиги, кимёвий инертлиги, ядро реакциясидаги нейтронлар билан деярли реакцияга киришмаслиги туфайли атом реакторларини совитишда қўлланилади. Суюқ ҳолдаги Гелий ер юзидаги энг совуқ суюқпикдир, у турли илмий текширишларда совуткич сифатида ишлатилади.

Loading...