ГЕМАТОЛОГИЯ

ГЕМАТОЛОГИЯ (гемо… ва ..логия) — қон ва уни ишлаб чиқарадиган кўмикнинг таркиби, функциялари, касалликлари хақидаги фан. Г. қонни оптик, электрон, фазали контраст, флуоресцент микроскопия, микрокинематография, микроскопик гисто ва цитокимёвий усуллар ёрдамида ўрганади. Кон системаси касалликларини аниклашда Гематология пункцион биопсиядан (организмнинг ҳаётлик даврида кўмик, лимфа тугунлари, талоқ, жигар ҳужайралари ва тўқималаридан олиб текшириш), биокимёвий, ферментологик, цитогенетик, кимёвий-генетик, спектроцитофотометрик (дезоксирибонуклеин ва рибонуклеин кислоталарини текшириш йўли б-н), радиоизотоп-иммунологик, электрофорез ва иммуноэлектрофорез, тўқималарни кулыурал ўстириш ва б. усуллардан фойдаланади.

Гематологик касалликлар 19-а. дан бошлаб мунтазам тадқиқ қилинган. Немис олимларидан Р. Вихров (1845), Э. Нейманн (1870) лейкозни, инглиз врачи Т. Аддисон (1855) ва немис врачи А. Бирмер (1872) пернициоз ане-мияни, немис олими П. Эрлих (1888) апластик анемияни, француз олими Г. Гайем (1898), немис олими О. Мин-ковский (1900) ва француз олими А. Шоффар (1907) гемолитик анемияни тасвир этишди. Рус олимларидан А. А. Максимов томонидан кашф этилган қон яратилишининг унитар назарияси Гематологиянинг ривожланишида катта аҳамият касб этди.

Кон системаси касалликларини клиникморфологик усул билан ўрганиш классик Гематологиянинг вужудга келишига асос бўлди. Олимлардан М. И. Аринин тўш суягини пункция қилиш усулини (1927), И. А. Кассирский унда ишлатиладиган пункцион нинани ҳамда лимфа тугунлари, талоқ, жигар пунктатларининг цитологик диагностика усулларини жорий қилишди, бу усуллар қон системаси касалликларини беморларда тезроқ ойдинлаштириш имконини беради, анемияларнинг таснифи ва даволаш усуллари ишлаб чиқилди. Ўзбекистонда аҳоли орасида учрайдиган гемолитик ва темир танқислиги билан боглик камқонликларнинг турлари, келиб чиқиш сабаблари атрофлича ўрганилган, уларни даволашни оптималлаштириш, ташҳисини осонлаштириш имкониятлари ишлаб чиқилган. Ҳоз. юқорида қайд этилган камқонликларнинг экологенетик жиҳатлари аниқланмоқда (С. М. Баҳромов, X. Қ. Фармонқулов, А. А. Бугланов, Г. Т. Калменов, X. М. Қозоқбоева, Ж. Т. Тожиев, Қ. Ж. Болтаев ва б.).

Қон яратилиши ва анемияларнинг келиб чиқиш механизмини изотоплар ёрдамида аниклаш катта роль ўйнади. Америкалик олим В. Касл овқатда витамин В|2 (цианкобаламин) етишмаслиги пернициоз анемияга сабаб бўлишини аниклади (1929). 20-а. нинг 60-й. ларига келиб деярли барча гемолитик анемияларнинг келиб чиқиши ўрганилиб, кўпгина янгиликлар қўлга киритилди. Ирсий сфероцитар гемолитик камқонликда талоқнинг олиб ташланиши ушбу дарддан тузалиш мумкинлигини кўрсатди.

Геморрагик диатезлардан тромбоцитопеник пурпурда бемор талоғини олиб ташлаш, тромбастенияда унга аденозинтрифосфат кислотани буюриш мақсадга мувофиқ эканлиги маълум бўлди.

Тромб ҳосил бўлишига тўсқинлик қиладиган препаратлар (гепарин, фибринолизин ва б.), шунингдек крнни ивитувчи системанинг фаоллигини ва томирлар деворининг пишиқлигини оширадиган препаратлар (рутин ва б.) ишлаб чиқарилди.

20-а. нинг ўрталаридан бошлаб Гематологиянинг янги тармоғи — иммуногем атология анча ривож топди. Унга кон гурухлари ва резус-фактор ҳақидаги таълимот (Г. нинг энг муҳим бўлими — қон қуйиш шунга асосланади), организмнинг ўз тўқималарига нисбатан антителолар пайдо бўлиши (аутоиммунизация) ва ёт тўқималарга нисбатан антителолар ҳосил бўлиши ҳақидаги билимлар киради.

Ирсий-оилавий қон касалликларини ҳар томонлама (клиник, хромосома, биокимёвий, ирсий, геногеографик, оилавий ва б. жиҳатдан) ўрганишга катта эътибор қаратилди. Шу боис қон гуруҳлари (АВО, резус-фактор ва б. система бўйича), уларга нисбатан пайдо бўладиган изоиммунизация — изосерология нинг ривожланишига, қонни қуйишда тамомила бехатарликни таъминлаш чораларига катта эътибор берилди. Ана шу уринишларнинг якуни сифатида амалиётда компонент гемотерапия (яхлит қон ўрнига унинг айрим бўлакларини — эритроцитар масса, лейкоцитлар ва тромбоцитлар концентратларини қуйиш) кенг кўламда қўлланила бошланди. Лейкозлар ҳақидаги билимлар мажмуаси — лейкозологиянинг ривожи бу касалликларда моно ва полихимиотерапия усулларининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига олиб келди.

Ўзбекистонлик олимлар кўмикни кўчириб ўтказишда ҳар хил иммунодепрессантлар қўллаш посттрансфузион асоратлар ва уларнинг олдини олиш масалалари, болаларда учрайдиган ирсий ва орттирилган қон системаси касалликларини ўрганиш, идиопатик тромбоцитопенияда жарроҳлик усулидан кенг фойдаланиш бўйича натижали илмий изланишлар олиб боришди (Ҳ. А. Ҳакимов, А. Т. Тўраев, У. А. Олтибоев, А. Р. Раҳматуллаев, К. К. Солиев ва б.). Г. нинг замонавий йўналишлари: донорлик хизматини замонавий талаб ва имкониятларга монанд равишда ташкил этиш, қон ўрнини босадиган дорилар ва қон касалликларининг экологик генетик жиҳатларини батафсил аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш ва ҳ. к.

Ўзбекистонда Гематология ва кон қуйиш институти, шунингдек тиббиёт интларининг терапия клиникалари ва илмий лаб. лари ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-тининг Гематология кафедраларида Гематология соҳасида изланишлар олиб борилади.

Ад.: Аграненко В. А., Б а храмов С. М., Жеребцов Л. Е., Компонентная гемотерапия, Т., 1995; Петров В. Н., Бахрамов СМ., Фарманкулов X. К., Железодефицитные анемии, Т., 1995; Нажмиддинов С. Т., Клиник гематология асослари, Т., 1998.

Саиджалол Баҳромов.

Prev Article

ГЕМАТИТ

Next Article

ГЕМИ...