ГЕНЕТИК ИНЖЕНЕРИЯ

ГЕНЕТИК ИНЖЕНЕРИЯмолекуляр генетика соҳаси; генларнинг табиатда учрамайдиган янги бирикмаларини генетик ва биокимёвий усуллар ёрдамида мақсадга мувофиқ ҳолда вужудга келтириш билан шуғулланади. Муайян организм ҳужайрасидан ажратиб олинган ген ёки генлар гуруҳини нуклеин кислотанинг маълум молекулалари билан бириктириб, ҳосил бўлган дурагайни бошқа организм ҳужайрасига киритишга асосланган. Вируслар ва б. ҳар қандай тирик мавжудот ҳужайраларининг ирсий программасини мақсадга мувофиқ моделлаштириш, янги штамм вирус ва микроорганизмлар, ўсимлик, ҳайвон ҳужайраларининг янги хилларини, ўсимлик навлари ва ҳайвон зотларининг қ. х. учун зарур шаклларини яратиш ва б. Г. и. вазифасидир. АҚШ олими П. Берг ходимлари билан бирга вирус ва микроорганизмлар ирсий молекуласи қисмларини пробиркада улаб, рекомбинант ДНК олиши Генетик инженериянинг вужудга келишига асос солди (1972). Генетик инженерия умумий генетика, молекуляр генетика, молекуляр биология, биоорганик кимё, микробиология, ўсимликшунослик каби биологик фанлар назариялари ҳамда тадқиқ этиш усулларининг бир-бирини тўлдириши туфайли шаклланди. Генетик инженериянинг ривожланишида генетик энзимология ва нуклеин кислоталар кимёси ютуклари катта аҳамиятга эга. Молекуляр даражада олиб бориладиган ишлар натижаси икки хил фермент — рестрикцией эндонуклеаза ва лигазага боғлиқ. Рестриктазалардан (300 дан ортиқ хили бор) ДНК молекуласини ҳар хил қисмларга ажратишда, лигазадан эса уларни яна қайта бирлаштиришда фойдаланилади. Генетик инженерияда энг кўп ишлатиладиган рестриктаза (Есо Rb) 1971 й. да олинган. Генетик инженериянинг ривожланиш тарихи in vitro шароитида (организмдан ташқарида) рекомбинант ДНК молекулаларини, яъни ҳар хил плазмидалар (хромосомаларсиз, мустақил яшаш хусусиятига эга ДНК ҳалқа молекулалари), ҳаттоки плазмида билан фаглар орасида дурагайлар ёки вектор молекул алар (хўжайин ҳужайрада мустақил қайта тиклана олиш хусусиятига эга ДНК молекуласи) олиш мумкинлигини принципиал исботлашдан бошланган. Кейинчалик прокариотлар (шаклланган ядроси йўқ организмлар)га тааллуқли хромосома генлари билан ҳар хил плазмидалар орасида рекомбинант молекулалар олинди. Вектор молекулаларга эукариот (шаклланган ядрога эга) организм (асосан, ҳайвон ва ўсимлик) генлари ДНКсини киритиш Генетик инженериянинг катта ютуғидир. Натижада ҳайвон генларини бактерия ҳужайраларида кўпайтириш ва экспрессия қилиш (генларни клонлаш) имконияти вужудга кедди. Ниҳоят, Генетик инженерия билан ҳужайра инженерияси ютуқларининг синтези туфайли биотехнология фани шаклланди.

Абдусаттор АбдуКаримов, Сотиболди Жатаев.

Loading...