ГЕНЛАР ДРЕЙФИ (голландча drijven — сузмоқ, қувиб ҳайдамоқ) , генетик-автоматик жараёнлар — тасодифий омиллар таъсирида қатор авлодлар давомида популяцияларда генлар частотасининг ўзгариши. Генлар дрейфи, одатда, популяциялар ирсий ўзгарувчанлигининг пасайишига олиб келади. Генлар дрейфи табиий офатлар (ўрмонларнинг ёниши, сув тошқини), зараркунапдаларнинг кенг тарқалиши ва б. натижасида популяция индивидлари сони кескин камайиб кетганида аниқ намоён бўлади. Генлар дрейфи тазйиқи остида популяция генотипик таркиби динамикасининг характерли хусусияти гомозиготланиш жараёнининг кучайишидан иборат. Бу ҳодиса популяция ареалининг торайиши туфайли яқин қариндош индивидлар ўртасидаги чатишиш имкониятининг ортиши билан боғлиқ. Натижада тасодифий равишда генлар частоталарининг ўзгариши туфайли айрим аллелларнинг сақланиб қолиши, бошқасининг йўқолиши рўй беради. Ажралиш пайтида вужудга келган баъзи гомозиготали формалар янги муҳит шароитига мосланишда қимматли бўлиб чиқиши ва улар табиий танланиш таъсирига учраб, кейинчалик популяция индивидлари сонининг орта бориши билан кенг тарқала бошлаши мумкин. Генлар дрейфи назарияси 20-а. нинг 40-й. ларида америкалик генетик С. Райт ҳамда ундан мустақил равишда рус олимлари Д. Д. Ромашов ва Н. П. Дубининлар томонидан ишлаб чиқилган.