ГЕНУЯ

ГЕНУЯИталия шим. даги шаҳар, Лигурия денгизининг Генуя қўлтиғи соҳилида. Генуя провинциясининг маъмурий маркази, Лигурия вилоятидаги энг катта шаҳар. Аҳолиси 700 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Маъмурий жиҳатдан йўлдош шаҳарлари билан бирга Катта Генуя деб аталади. Генуя мил. ав. 1-а. да лигурлар турар жойи бўлган, 3-а. да римликлар босиб олган. 16-а. дан Испания, сўнгра Австрия қўл остида. 1805 й. да Франиияга қўшиб олинган. 1815 й. дан Сардиния қироллиги таркибида. Генуя мамлакатнинг йирик порти ва муқим саноат марказларидан. Италия шим. даги саноат р-нлари ташқи савдо алоқаларини Генуя орқали олиб боради. Мамлакатдаги барча экспорт ва импортнинг 1/5 қисми Генуядан ўтади (юк ортиш ва тушириш йилига қарийб 50 млн. т). Генуя орқали четдан кўпроқ нефть, кумир, темир, пахта толаси, ёғоч-тахта, дон келтирилади; четга тайёр саноат маҳсулотлари чиқарилади. Генуя йўловчилар ташиладиган йирик порт, т. й., автомобиль ва ҳаво йўллари тугуни. Халқаро аэропорт бор. Катта Генуяда Италиядаги йирик кемасозлик, самолётсозлик, авиация ва кема моторлари, турбиналар, қозонлар и. ч., локомотивсозлик, тракторсозлик, электр ускуналари, ҳарбий саноат, аниқ механика, металлургия ва нефтни қайта ишлаш саноатлари жойлашган. Тўқимачилик, жут, кимё, озиқовқат ва б. саноат корхоналари ҳам бор. Шаҳарда бир неча иссиқлик электр маркази, ун-т (15-а.), олий ўқув юртлари, Нафис санъат академияси, Шаҳар музейи (1892 й. дан), суратлар галереяси, опера ва драма театрлари ва б. ишлаб турибди. Генуяга туристлар кўп келади.

Меъморий ёдгорликлари кўп, жумладан Сантамария ди Кастелло черкови (11-а.), Сан-Лоренцо собори (11-а.), 16—17-а. ларда қурилган саройлар ва б. бор. Г. Христофор Колумбнинг ватани.

Prev Article

ГЕНРИ

Next Article

ГЕО...