ГЕОФИЗИК АНОМАЛИЯЛАР — Ер физик майдони қийматининг тоғ жинслари физик хусусиятларидаги фарқи ва улар тузилиши ҳамда таркибининг бир хил эмаслиги сабабли умумий (нормадаги) қийматдан оғиши. Геофизик аномалияларга қараб Ернинг ички тузилиши ва Ер пўстини, айниқса унинг юқори қисмини ўрганадилар. Геофизик аномалиялар майдоннинг геологик тузилишига, тоғ жинслари таркибига, ер ёриқларига боғлиқ. Геофизик аномалияларнинг интенсивлиги ер юзасининг ҳар бир нуқтасида кузатилаётган ва нормадаги (назарий) физик майдони кўлами қийматининг фарқи билан белгиланади. Бу геологик тузилиши бир хил жинсдан деб фараз қилинган ва Ер қаъри моддалари физик хусусиятларининг тегишлича тақсимланиши асосида ҳисоблаб чиқилади. Гравитацион, магнит, сейсмик, термик, электр, радиоактив ва б. аномалиялар фарқ қилинади. Ернинг нормал гравитацион, геомагнит ва геотермик майдонлари энг кўп тадқиқ этилган. Геофизик аномалиялар уларнинг табиатини аниқлаш, Ернинг чуқур қатламларини ўрганиш, фойдали қазилмаларни башоратлаш, қидириш ва разведка қилиш мақсадида ўрганилади.