ГЕОГРАФИК ҚУТБЛАР

ГЕОГРАФИК ҚУТБЛАР (Шимолий қутб ва Жанубий қутб) — Ер айланишидан ҳосил бўлган хаёлий ўқнинг Ер юзаси б-н кесишган нуқталари. Географик қутбларда Ер меридианларининг ҳаммаси туташади. Унда одатдаги дунё томонлари йўқ, кун ва тун алмашинмайди. У ерда Қуёш ярим йил чиқмайди ва ярим йил ботмайди (қ. Қутб тунива Ҳутбкуни). Географик қутблар нуқтаси Ер юзасида мураккаб зтри чизиқ бўйлаб силжиб юради, яъни томонлари 26 м бўлган квадрат ичида ўз ҳолатини ўзгартириб туради. Ер шаклининг шарга деярли ўхшаш бўлганлиги туфайли, қутбларга Қуёш нури ётиқ (23 ‘/2° дан юқори бўлмайди) тушади, натижада Географик қутблар атрофида жуда кенг майдоннинг иқлими совуқ, кучли шамол ва изғиринлар бўлади. Шимолий Географик қутблар Шимолий Муз океанининг муз билан қопланган суви устида жойлашган. Шимолий Географик қутблар (89°55’ ш. к.)га биринчи бўлиб америкалик қутбшунос Р. Пири (1909 й. 6 апр.) етиб борган. Жанубий Географик қутблар (88°23’ ж. к.) Антарктида материгининг Тинч океан соҳилига яқин муз қоплами устидадир, биринчи бўлиб унга норвегиялик тадқиқотчи Р. Амундсен (1911 й. 14 дек.) борган.