Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

ГЕОГРАФИК ТАДКИҚОТ МЕТОДЛАРИ

ГЕОГРАФИК ТАДКИҚОТ МЕТОДЛАРИгеография фанлари предметини билишнинг услуб ва усуллари мажмуаси. Географик тадкиқот методлари ёрдамида турли хил географик маълумотларни адабиётлардан ва бевосита дала шароитида тадқиқот жараёнида тўплаб таҳлил қилинади ҳамда улардан фаннинг методологиясини яратиш, назарий-илмий ва амалий мақсадларда фойдаланиш йўл-йўриқлари аникланади. Географик тадкиқот методлари илм-фан тараққиётини (таълимот ва ғояларни) таъминлайдиган, тадқиқотчининг мақсад ва вазифаларини мақсадли йўналишда амалга оширадиган энг муҳим тадбир. Географик тадкиқот методлари икки йўналишда — табиий ва йқтисодий географик тадқиқот методлари билан олиб борилади: Табиий географик методлар — табиатда содир бўладиган нарса ва ҳодисаларни, табиат билан жамият ўртасидаги муносабатларни илмий билишда қўлланиладиган усуллар мажмуидир. Асосий методлари: экспедиция, стационар, кузатиш, қиёслаш, харитаграфик, аэрофотографик, космик, математик, районлаштириш ва ҳ. к. Ушбу методлар ёрдамида асосан географик мажмуа ва компонентлар ҳамда географик муҳит тадқик этилади.

Иқтисодий географик методлар — жамиятда содир бўладиган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришларни намоён қилишда қўлланиладиган усуллар мажмуидир. Асосий методлари: статистик маълумотлар таҳлили, харитаграфик, конструктив, моделлаштириш, мажмуа, кузатиш ва ҳ. к.

Мазкур методлар ёрдамида хўжалик тармоқларини оқилона ҳудудий ташкил этиш ва уларни жойлаштириш, кишиларнинг қулай яшаш шароитларини барпо этиш, и. ч. соҳасида иқтисодий самарадорликни ошириш чора ва тадбирларини таклиф этиш каби масала (муаммо)лар ечилади.