ГЕОКИМЁВИЙ ҚИДИРИШ

ГЕОКИМЁВИЙ ҚИДИРИШ — литосфера, гидросфера, атмосфера ва биосферада кимёвий элементларнинг тарқалиш қонуниятларини ўрганишга асосланган фойдали қазилма конларини топиш методлари. Геологик қидириш мақсадида ўрганилаётган моддаларнинг хусусиятига кўра Г. қ. литокимёвий, гидрокимёвий, атмокимёвий (газли) ва биокимёвий методларга бўлинади. Тоғ жинслари, тупроқ, табиий сувлар, Ер атмосфераси ва ўсимликларда кимёвий элементларнинг конлардан узоқлашган жойлардаги ўртача миқцори (кларк сонига яқин) геокимёвий муҳитни англатади. Фойдали қазилма кони якинида кимёвий элементларнинг микдори кўп бўлиб, геокимёвий аномалияни ҳосил қилади. Геокимёвий аномалиялар конлар ҳосил булишида вужудга келган бирламчи ва уларнинг емирилишидан ҳосил бўлган ва иккиламчи элементлар сочилиш доирасидан иборат бўлиб, кон борлигидан дарак беради.

Геокимёвий қидириш текширилаётган жойдаги тоғ жинсларидан маълум тартиб буйича намуналар олиб, улардаги элементларни мунтазам равишда аниқлаш орқали бажарилади. Геокимёвий қидиришдан рудали конларни излашда кўпроқ фойдаланилади. Бунда Геокимёвий қидириш қлардан энг муҳими литокимёвий съёмка, яъни тоғ жинслари ва уларнинг нураган маҳсулотларидан кўплаб намуналар олишга асосланган. Бу метод асосида нодир металлар ва олтиннинг кўп конлари топилган. Гидрокимёвий метод ер усти ва ости табиий сувларидан қуруқ чўкинди ҳосил қилиб, кейинчалик уни спектрал ёки кимёвий анализ қилиб таркибини ўрганишга асосланган. Атмокимёвий метод углеводородли газлар миқдорини тупроқдаги ҳавода ёки тоғ жинслари намунасида аниқлашга мўлжалланган. Биокимёвий метод ўсимликларнинг кимёвий таркибини улардан кул ҳосил қилиб текширишдан иборат.

Геокимёвий қидириш натижасида фойдали қазилма конларининг элемент-индикаторлари миқдорини тасвирловчи харита ва чизмалар тузилади. Улар асосида геологик маълумотларни инобатга олиб аниқланган геокимёвий аномалиялари талқин қилинади. Геокимёвий қидириш методларини ривожланишида Ўзбекистонда С. Т. Бадалов, Р. Толиповлар уз ҳиссаларини қўшдилар. Сийрак ва нодир элементлар конларини қидиришда Геокимёвий қидиришдан кенг фойдаланилади.

Loading...