ГЕОКИМЁВИЙ ЦИКЛЛАР

ГЕОКИМЁВИЙ ЦИКЛЛАР — тадрижий кечадиган кимёвий жараёнлар мажмуи. Геокимёвий циклларда кимёвий элементлар бир қанча миграциядан кейин, турли физиккимёвий қайта ўзгаришларда минераллар ҳосил қилиб иштирок этади, изотоп таркибини ўзгартириб, дастлабки ҳолига қайтади. «Геокимёвий цикллар» термини рус олими А. Е. Ферсман томонидан 1922 йда таклиф этилган. 1927 й. да В. И. Вернадский Ер пўстидаги кўпгина кимёвий элементларнинг Геокимёвий циклларда иштирок этишини «Геохимия очерклари» асарида асослаб берди. У Ер пўстининг турли зоналарида бирикма, молекула ва кристаллар ҳосил қилиб, бир шаклдан иккинчи шаклга ўтиб, айланиб юрадиган водород, бор, азот, кислород, натрий, магний, алюминий каби 40 дан ортиқ кимёвий элементларни Геокимёвий цикллар ҳосил қилувчи элементлар гуруҳига киритди. Геокимёвий тадқиқотлар асосида Геокимёвий циклларнинг барча босқичлари учун юқоридаги кимёвий элементлардан баъзилари (Н, CI, N, О, С, Р, S, К, Na) характерли эканлиги, бошкалари эса фақат геосфера, литосфера, гидросфера ва атмосфера Г. и. ни ҳосил қилиши мумкинлиги исботланди. Сўнгги йилларда физик ва кимёвий хусусиятларига кўра элементлар умумий ва хусусий Геокимёвий циклларда иштирок этиши аниқланди. Хусусий Геокимёвий циклларда элементлар битта зонада (геосфера), умумий Геокимёвий циклларда эса Ер пўстининг турли зоналарида бирикма, молекула ҳолида иштирок этади. Бундай ҳолат Геокимёвий циклларда фақат айрим элементлар иштирок қилишини кўрсатади ва Геокимёвий цикллар тушунчасига аниклик киритди, яъни геосферада элементларнинг бирикмалар тўпламини ҳосил қилиш жараёни Геокимёвий цикллар деб юритиладиган бўлди. Геокимёвий цикллар магматик, постмагматик, гиперген, чўкинди жинс ҳосил қиладиган эрта ва кечки диагенез ва метаморфик жараёнларни ўз ичига олади. Геокимёвий цикллар алоҳида кимёвий элементлар учун ҳам кузатилади.

Loading...