ГЕОЛОГИК ХАРИТАЛАР — Ер пўсти юқори қисмининг муайян участкаси геологик тузилишини тасвирловчи хариталар. Геологик съёмка ва геологик тадқиқотлардан йиғилган маълумотлар асосида тузилади. Геологик хариталар қидирув, разведка ишларида асосий ҳужжат ҳисобланади. Геологик хариталардан Ер пўстининг тузилиши ва тоғ жинслари билан боғлиқ руда конлари тўғрисида тегишли маълумот олинади. Геологик хариталар асли геологик, литологикфациал, палеогеографик, муҳандислик-геологик, гидрокимёвий, фойдали қазилмалар, башоратли, тектоник, металлогеник, магматик формациялар ва б. хариталарга бўлинади. Асли Геологик хариталар хларда тоғ жинсларининг ёши, таркиби, ётиш шароити турли белги ва рангларда ифодаланади. Тектоник харита — маълум жой ва воҳанинг тектоник тузилишини; металлогеник харита — металлар ва қазилма бойликларнинг ҳосил булишини ҳамда уларнинг тарқалишини; магматик формациялар харитасида — магматик тоғ жинсларининг формациялари ифодаланади. Бундан ташқари, махсус хариталар (ер ости сувлари, геофизик хариталар ва б.) ҳам тузилади.
Гидрокимёвий харита — сувларнинг кимёвий таркибини, улардаги тузларнинг миқдорини, грунт, артезиан, минерал сувларнинг хусусиятлари ва жойланишини акс эттиради. Гидрогеологик хариталарда ер ости сувларининг сифати (таъми, ҳиди, чучуклиги, шўрлиги ва б.), ер юзасидан пастда жойлашган биринчи сувли қатлам (ҳавза)нинг сув бериш хусусияти, ер ости сувларининг тури (грунт, артезиан, қатламлараро, ер усти ва карст сувлари) акс эттирилади. Геологик хариталар турт хил масштабда тузилади (қ. Геологик съёмка). Йирик масштабли ва муфассал хариталарда стратиграфик колонка ва геологик кесмалар ҳам берилади.
Ўзбекистон геологик харитаси, Ўзбекистан магматик формациялари харитаси, Фарғона ва Устюртнинг тектоник тузилиши ва нефтьгазга истиқболли харитаси, Ўзбекистоннинг палеозой фундаментининг таркиби ва тектоник тузилиши харитаси ва б. тузилган.
Ғайбулла Фатҳуллаев.