ГЕОСИНКЛИНАЛЬ

ГЕОСИНКЛИНАЛЬ (гео… ва синклиналь) , геосинклиналь минтақа — Ер пўстининг узун (ўн, юзлаб км), нисбатан тор ва чуқур чўкмаси. Денгиз ҳавзалари тубида вужудга келади ва одатда, ер ёриқпари билан чегараланган, чўкинди ва вулкан жинсларининг қалин қатлами билан тўлган бўлади. Узоқ давом этган шиддатли тектоник деформациялар натижасида Геосинклиналь мураккаб бурмали структура — тоғ тизимларига айланади. Одатда, океандан қитьага ўтиш зонасида ёки қитъалар оралиғида жойлашади. Геосинклиналь океан туби Ер пўстининг қитъа Ер пўстига айланиши деб тушунилади. Ҳоз. замон Г. аналогига чекка ва ички денгизларнинг (чуқур сув ости новлари билан бирга) ороллар ёйи мисол бўла олади. Шу маънода Геосинклиналь — геосинклиналь минтақа синоними.

10-а. да Абу Райҳон Беруний ўз даври фан ютуқларини умумлаштириб тоғларнинг пайдо бўлиши ва йўқ бўлиб кетиши табиий омиллар асосида юз беришини талқин этувчи назарияни олга сурган эди. Геосинклиналь тушунчасини фанга киритишни 1873 й. да америкалик олим Ж. Дана таклиф этган. Унинг фикрича, бурмаланиш жараёни ва чўкинди жинсларнинг кўплаб тўпланиши билан тоғ ҳосил бўлиш жараёни ўртасида генетик бирлик бор. 20-а. бошларида бу таълимотни европалик олимлардан Э. Ог (француз), Г. Штилле ва Э. Краус (немис), Э. Аргон ва П. Арбенцлар (швейцариялик) янада ривожлантириб, унинг даврий қонунияти, жойланиши ва тузилиши устида илмий ишлар олиб бордилар. Геосинклиналь хийла мураккаб, унинг турли хиллари маълум. Ер пўстининг энг йирик Геосинклиналь структуралари бирлашиб Геосинклиналь минтақасини ташкил этади (Ҳ. М. Абдуллаев, Ю. М. Шейнман, В. Е. Хаин). Евросиё материгида тўртга: Ўрта денгиз, Урал-Монголия, Тинч океан ва Атлантика Геосинклиналь минтақалари бор. Буларга тузилиши бир хил бўлган турли ёшдаги бурмаланган тоғликлар мансуб, улар қад. платформалар билан чегараланган. Геосинклиналь минтақалар ўз навбатида Геосинклиналь обла-стларга бўлинади. Геосинклиналь областлар умумий йўналишдаги ҳар хил таркибга, тузилишга эга бўлган бир қанча Геосинклиналь лардан ва ўрталик массивлардан ташкил топган. Геосинклиналь ларнинг уз. 2000 км гача, эни 50 дан 150 км га етади. Геосинклиналь бурмаланиш фазаси билан фарқланади, мас, герцин бурмаланиш фазаси, каледон бурмаланиш фазаси. Геосинклиналь дастлаб тез чўкади ва охирги даврида, аксинча, кўтарилади, бурмаланади ва, ниҳоят, тоғликлар ҳосил қилади. Унинг вужудга келиши ва ривожланиши чуқур дарзлар пайдо бўлиши б-н боғлиқ. Геосинклиналь области р-нларида кучли бурмаланиш, шиддатли вулкан, интрузив пайдо бўлиш жараёнлари ва кучли зилзилалар бўлади. Геосинклинальлар чўкинди жинсларнинг қалинлигига қараб синклинорий ва антикли-норий структуралари га, тузилишига қараб эвгеосинклиналь ва миогеосинклиналга бўлинади. Геосинклинальнинг ривожланиши даврий қонуният асосида боради ва бир тектоник цикл давомида бўладиган ва бир-бирига қарама-қарши икки бошланғич ҳамда етук босқичларни ўз ичига олади. Биринчи босқичда Геосинклиналь тез чўкади, натижада V шаклдаги дарзлар б-н чегараланган чуқур денгиз ҳавзалари вужудга келиб, чўкинди жинслар кўп тўпланади. Бунда асосли ва ўта асосли магматик жараёнлар бўлади. Иккинчи босқич кўтарилиш даврида Геосинклиналь системага айланади, тоғликлар қад кўтаради. Чўкинди жинслар бурмаланади, деярли ўрта таркибли лавалар оқиб чиқади, интрузивлар ҳосил бўлади, метаморфизм (тоғ жинсларининг ўзгариши) кучаяди. Зилзила ўчоқлари доим ҳаракатда бўлади. Геосинклиналь чўкиш ва кўтарилиш даврида атрофдаги структуралар ҳам анча ўзгаради. Чўкиш даврида Геосинклиналь атрофида ҳавзалар вужудга келади, кўтарилиш даврида эса тоғ олди чуқурликлари ҳосил бўлиб, уларда чўкинди, моласс формациялари тўпланади. Геосинклинальнинг даврий ривожланиш қонуниятига асосланиб, палеозой эрасида каледон, герцин, мезокайнозой эрасида альп Геосинклиналь бурмаланиш цикллари бўлганлиги аниқланган. Қозоғистон ҳудудидаги Талас, Қирғизистон тизма тоғлари каледон бурмаланиш фазасида, Ўзбекистан ва Қирғизистон ҳудудидаги Олай, Зарафшон, Туркистон, Чатқол, Угом, Писком тоғлари герцин бурмаланиш фазасида пайдо бўлган Геосинклинальлар ҳисобланади. Геосинклинальда темир, мис, қўрғошин, қалай, вольфрам конлари бўлади. Геосинклиналь маълум ҳудуднинг геологик ривожланиш тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Loading...