ГЕПАТИТ (юн. hepar; hepatos — жигар) — жигар яллиғланиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи. Инфекцион (вирусли гепатит А, В, С, Е, D) ёки ноинфекцион Гепатит (мас, овқатдан заҳарланиш) ҳамда бирламчи ва иккиламчи инфекцион Гепатит бўлади. Гепатит бруцеллёз, безгак, захм ва б. инфекцион касалликлар, шунингдек сурункали меъда-ичак касалликларида кузатилади. Мишьяк, заҳарли замбуруғлар, кампирчопон (гелиотроп), саноатда, қ. х. ва рўзғорда ишлатиладиган заҳарлар (дихлофос, хлорофос, карбофос, алкогол)дан заҳарланиш ҳам Гепатитга сабаб бўлиши мумкин. Алкоголизмда Гепатит оғир ўтиб, жигар ириб кетиши (некроз) мумкин. Гепатит ўткир ва сурункали бўлади. Уткир Гепатитда кўз оқи ва бадан саргаяди, жигар катталашади, жигар соҳасида оғирлик ва оғриқ пайдо бўлади, беморнинг кўнгли айниб, қусади, иштаҳаси йўқолади, оғзи тахир бўлади. Баъзан ҳомиладорлик токсикозларида ҳам ўткир Гепатит рўй беради. Ўткир Гепатит ўз вақтида даволанмаса, бемор парҳез қилмаса, жигарнинг махсус (паренхиматоз) тўқимаси бириктирувчи тўқима билан алмашинади (қ. Жигар циррози). Ўткир Гепатит баъзан 2-3 ойга чўзилиб, сурункали Гепатитга айланади. Касалликминг бошланиш даврида беморнинг аҳволи деярли ўзгармайди, ҳатто ишлайверади, касаллик эса зўрая боради. Беморнинг кўз оқи ва бадани сарғайганда, т-раси нормал бўлса ҳам, ўринга ётқизиб, врач чақириш керак. Гепатит заҳарланиш оқибати бўлса, беморни дарҳол касалхонага жойлаштириш лозим. Гепатит бўлган бемор ётиши, жигар соҳасини иссиқ тутиши керак. Бемор овқатида осон ҳазм бўладиган углевод, оқсил ва витаминлар етарли, ёғ кам бўлиши зарур. Кўпроқ ҳўл мева, сабзавот шарбати, қанд-шакар, мураббо, асал, оқ нон, шунингдек, енгил ҳазм бўладиган овқатлар — ширгуруч, шовла, сут, қатиқ, пишлоқ ва творог буюрилади (сутли овқатлар ва, айниқса, творогда жигар ҳужайраларини емирилишдан сақдайдиган моддалар бор). Жигар функцияси касалликдан кейин жуда секин аслига келади. Сурункали Гепатитнинг олдини олиш учун бемор узоқ вақт (баъзан бир-икки йилгача) сабртоқат билан оилавий врач назоратида даволаниши, маълум тартиб (овқатланиш ва дам олиш)га риоя қилиши керак.
Эркин Қосимов.