ГЕРБАРИЙ

ГЕРБАРИЙ (лот. herba — ўт, ўсимлик) — 1) маълум мақсадлар (флора, систематика, геоботаника, географияга оид тадқиқотлар олиб бориш ва б.) учун махсус усуллар асосида йиғиб қуритилган ўсимликлар коллекцияси. Дунёда ўсимликларнинг 300000 дан зиёд тури сақланадиган 500 га яқин йирик Гербарий бор. Бундай коллекцияларнинг энг катталари Париж, Прага, Лондон (Линней Г. си), Женева (Декамдол ва Буасье Гербарийси), Вашингтон, Лондон, СанктПетербург, Москва, Тошкент, Томск, Киев каби шаҳарларда тўпланган. Тошкент (Ўзбекистан ФА Ботаника инти ва ботаника боги) да бир млн. дан зиёд ўсимлик нусхалари сақланади.

Умумий Гербарий (муайян ҳудуд ўсимликлари коллекцияси) ва махсус Гербарий (овқатга ишлатиладиган, техник, доривор ва б. ўсимликлар коллекцияси) бўлади. Йиғилган ўсимликлар тикиладиган ёки ёпиштириладиган қоғоз 42×30 см ҳажмда бўлиши лозим. Махсус қоғозларга тикилиб ёрлиқлари ёпиштирилган ўсимлик нусхалари дунё бўйича қабул қилинган ягона тизим (Энглер тизими) асосида Гербарийлар учун махсус тайёрланган шкаф ёки қутиларда сақланади.

2) тайёр коллекциялар (Г. лар) сақланадиган ва улар устида илмий ишлар олиб бориладиган махсус муассасалар.

Loading...