ГЕРБАРТ (Herbart) Иоганн Фридрих (1776.4.5, Ольденбург – 1841.14.8, Гёттинген) — немис файласуфи, психологи, педагоги. Плюрализм намояндаси. Унинг фикрича, дунё ўзгармас энг оддий моҳиятлар — «реаллар» дан тузилган. Гербарт ассоциатив психология тарафдорларидан. Гербарт талқинида фалсафа — тушунчаларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. У болалар тарбияси жараёнини 3 қисмга бўлади: болаларни бошқариш, тарбиявий таълим ва ахлоқий тарбия. Унинг педагогик карашларида тарбиявий таълим асосий ўринни эгаллайди. Психологияни метафизика, тажриба ва мат. га асосланган систематик фан деб ҳисоблаган. У мавҳум тафаккур, ҳиссий фаолият, ирода каби муаммоларнинг психологик жиҳатларини тадқиқ этди. Тўрт босқич (аниқлик, ассоциация, тизим, услуб)ли таълим назариясини илгари сурган. Формал эстетика деб аталмиш фан асосчиси (гўзаллик манбаи — симметрия, мутаносиблик, маром (ритм) ва б.).