ГЕРБИЦИДЛАР

ГЕРБИЦИДЛАР (лот. herba – ўт, ўсимлик ва caedo — ўлдираман) — бегона ўтларни йўқотишда қўлланиладиган кимёвий моддалар. Қ. х. да дала, боғ ва токзорлар, ўтлоқлардаги, йўл ёқаларидаги бегона ўтларга қарши қўлланилади. Гербицидларнинг бир неча хил препарат кўринишлари мавжуд: сувда эрийдиган кукунлар (далапон ва б.), сув билан аралашиб суспензия ҳосил қилувчи кукунлар (пахтон, которан, котофор, прометрин, гезагард, атразин, агелон ва б.), сув билан аралашиб эмульсия ҳосил қилувчи эмульсияланувчи концентратлар (трефлан, дуал, банол ва б.), тўлдиргич ҳамда таъсир қилувчи моддалардан ташкил топган гранула (донадор препарат)лар (гранулали далапон ва б.).

Гербицидлар таъсир қилиш хусусиятига кўра ёппасига ва танлаб таъсир этувчи препаратлар гуруҳларига бўлинади. Ёппасига таъсир қилувчи Гербицидлар данбарча турдаги ўсимликларга (аэродромларда, юқори вольтли линиялар ўтган жойларда ва б.), танлаб таъсир этувчилардан эса дала экинлари, боғлар, ўрмонзорлардаги бегона ўтларга қарши фойдаланилади. Гербицидлар ларнинг бу гурухлари ўртасида қатъий чегара кўйиб бўлмайди, чунки кўпгина препаратлар кам миқцорда ишлатилганда танлаб таъсир этувчи бўлса, юқори миқдорларда ёппасига таъсир этиши мумкин. Гербицидларнинг танлаб таъсир қилиши экинлар ва бегона ўтлар турига, ўсиш ва уларнинг ривожланиш фазалари ҳамда тупроқ иқлим шароитларига боғлиқ. Танлаб таъсир этувчи Гербицидларни экишдан олдин, экиш даврида, экин ёки бегона ўтлар униб чиққунга қадар ёки униб чиққандан сўнг қўллаш мумкин. Mac, трефлан ёки прометрин, одатда, экишдан олдин, бороналашга қадар далаларда бир йиллик бегона ўтларга қарши сепилади. Бунда Гербицидларнинг танлаш хусусияти тупроқ турига, ёғингарчилик миқдорига ҳамда препаратнинг тупроқда сақланиш муддатларига боғлиқ. Экиш даврида Гербицидлар (мас, далапон, которан, дахлор, дуал, котофор ёки прометрин пахта далаларидаги бир йиллик ўтлар, атразин ёки агелон эса маккажўхори далаларидаги бегона ўтларга қарши) экиш агрегатига ўрнатилган махсус мосламалар билан солинади. Экин униб чиққунга қадар ҳам юқоридаги Гербицидларнинг биронтасидан фойдаланиш мумкин. Бундай ҳолларда Гербицидларнинг танлаш хусусияти уруғнинг тупроқда жойлашади чуқурлигига, унинг униб чиқиш тезлиги (қуввати)га ва препаратнинг тупроққа сақланиш муддатига боғлиқ. Таъсир қилиш усулига кўра: сиртдан (ўсимлик тўқималарига теккан қисминигина нобуд қиладиган; мас, минерал мойлар, нитрафен, ДНОК. ва б.) ва сингиб таъсир қилувчи (ўсимлик танасига шимилиб, сингиб унинг томир ва тўқималари орқали ҳаракатланиб, умумий заҳарланишга олиб келадиган кимёвий моддалар; мас, атразин, агелон ва б.) Г. мавжуд. Сингиб таъсир қилувчи Гербицидлар кучи сиртдан таъсир кўрсатувчи Гербицидлар никига нисбатан сустроқ. Уларнинг таъсири жуда секин намоён бўлиб, сарфланадиган эритма ҳажмига, томчилар ўлчамига, пуркашнинг қай даражада текис чиқишига боғлиқ. Сингиб таъсир қилувчи Гербицидлар илдизи жуда чуқур ўсадиган кўп йиллик бегона ўтларга қарши яхши самара беради.

Гербицидлар 3 усулда: ёппасига, лента шаклида ва уялаб сепилади. Препарат ёппасига бутун майдонга (трефлан ёки прометринни экишдан аввал, далапонни эса кузги шудгордан сўнг) бир текисда пуркалади. Экиш даврида (бунда лента кенглиги 25—30 см; которан, прометрин, котофор, агелон, дуал, стомп, атразин ва б.) ва экин униб чиққандан сўнг (бунда ҳимоя зонаси қатор марказидан бошлаб икки томонга 12—15 см дан; которан, прометрин) лента усулидан фойдаланилади. Бегона ўтлар даланинг турли жойларида ҳар хил даражада учраса, уларга қарши Гербицидлар (мас, кўп йиллик бегона ўтлардан ажриқ ва ғумайга қарши далапон) уялаб пуркалади. Баъзи Гербицидларни янги ерларни ўзлаштиришда ёввойи бута ўсимликларни йўқотишда арборицид, ўсимлик илдизларини қуритадиган десикант (такризол, динитрол, пентахлор ва б.), ўсимлик баргларини тўкишда дефолиант (эндотал ва б.) ва ўсиш ингибиторлари (ИФК, динитроортокрезол ва б.) сифатида ишлатиш мумкин; айримлари кам миқцорда қўлланилганда ўсиш стимуляторлари каби таъсир кўрсатади (2,4-Д, 2,4-ДМ ва б.).

Ҳоз. даврда гербицидлик хусусиятига эга бўлган 1000 дан ортиқ бирикмалар маълум. Улардан 150 дан кўпроғи бегона ўтларга қарши курашда ишлатилади. Биринчи марта Германияда 1934 й. да кимёвий ўтоқ мақсадларида органик бирикмалардан динитроортокрезолдан фойдаланилган. Кейинчалик 2,4-Д, 2М-4Х препаратларидан фойдаланила бошланди. Гербицидларни нотўғри қўллаш (юқори дозалар, ишлов бериш муддатларини бузиш ва б.) тупроқ ва сув ҳавзаларининг ифлосланишига, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ҳалок бўлишига, биогеоценозда Ўзбекистонда ғўза-ғалла-беда алмашлаб экишда қўлланувчи гербицидларнинг сарф нормалари ва муддатлари маккажўхори, бедадаги биологик алоқадорликнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда Гербицидларни ишлатиш қонун билан тартибга солинади.

Ад.: Комилова Р., Раҳимов А., Гербицидларнинг ўсимликларга таъсири, Т., 1972; Лозоватская М. А., Химические меры борьбы с сорной растительностью в посевах хлопчатника, Т., 1979; Безуглов В. Г., Применение гербицидов в интенсивном земледелии, М., 1981; Комилова Р., Гербицидлар ва ғўзанинг янги навлари, Т., 1982; Бошокли дон экинзорларидаги бегона ўтларга қарши банвел гербицидини қуллаш бўиича тавсиянома. Т., 20001. Муроджон Рашидов, Абдуманноп Йўлдошев, Темур Ҳасанов.