ГЕРМАФРОДИТИЗМ

ГЕРМАФРОДИТИЗМ, хунасалик [юн. Hermaphroditos — Гермафродит (Гермес ва Афродита ўғли; икки жинсли бола)] — бир организмда эркаклик ва урғочилик жинсий органлари бўлиши. Чин (табиий) ва сохта (аномал) хиллари бор. Чин Гермафродитизм ҳайвонлар орасида кенг тарқалган. Қориноёқли моллюскалар, ясси чувалчанглар, камтукли ҳалқали чувалчангларнинг деярли барча турлари, бир қанча бўшлиқичлилар, мўйловоёқли қисқичбақасимонлар, айрим балиқлар гермафродит бўлади. Чин Гермафродитизмда битта организмнинг ўзида икки хил (урғочилик ва эркаклик) жинсий ҳужайралар ҳосил бўлади. Бирок кўпчилик турларда ўзўзидан уруғланишга монелик қиладиган, яъни яқин инбридингга имкон бермайдиган механизмлар мавжуд (мас, жинсий ҳужайраларнинг бир вақтда етилмаслиги, жинсий аппаратнинг тузилиши уруғ ҳужайрасининг ўша организм жинсий органига тушишга имкон бермаслиги). Деярли барча хордали ҳайвонлар ва одамда фақат сохта Гермафродитизм учрайди. Сохта Гермафродитизмда муайян жинсий безлар (мояк ва тухумдон) ташқи ёки ички жинсий органларга мос келмайди. Сохта Гермафродитизм ташки ва ички бўлади. Эркаклардаги ташки сохта Гермафродитизмда уругдон бўлади-ю, лекин ташқи жинсий органи аёлларникига бир қадар ўхшаб кетади. Эркакларнинг ички сохта Гермафродитизм ида тухумдон, етилмаган простата бези ва уруғ пуфакчалари билан бирга бачадон найлари (уруғ йўллари) ҳам бўлади. Аёллар сохта Гермафродитизм кам учрайди. Бунда тухумдон бўлади-ю, лекин ташқи жинсий орган ва иккиламчи жинсий белгилар қисман эркакларникига ўхшайди.

Сохта Гермафродитизм билан туғилган болалар жинсини аниқлаш қийин. Бунинг учун замонавий цитогенетик усуллар ёрдамида одамнинг хромосомалари текширилади. Гермафродитизм жарроҳлик усуллари ва гормонал препаратлар билан даволанади.

Loading...