ГЕРМАНИЯ

ГЕРМАНИЯ (Deutschland), Германия Федератив Республикаси (Bundesrepublik Deutschland) , ГФР — Марказий Европадаги давлат. Шим. ва Болтиқ денгизлари соҳилида жойлашади. Майд. 357 минг км2. Аҳолиси 82,16 млн. киши (1999). Пойтахти — Берлин ш. Маъмурий жиҳатдан 16 ер (вилоят) га, ерлар округларга, округлар туманларга, туманлар жамоаларга бўлинади.

Давлат тузуми. ГФР — федератив республика. Амалдаги конституцияси 1949 й. 23 майда қабул қилинган, унга 1954, 1956, 1990, 1993 ва 1994 й. ларда қўшимчалар кнритилган. Давлат бошлиғи — федерал президент. У махсус чақириладиган федерал мажлис томонидан 5 й. муддатга сайланади ва яна фақат бир марта сайланиши мумкин. Федерал мажлис бундестаг раиси томонидан чақирилади ва у бундестаг депутатлари ҳамда ландтаглар (ер парламентлари) томонидан сайланган аъзолардан иборат. Президент иш қобилиятини йўқотса ёки вафот этеа, бундесрат раиси президент ваколатларини бажаради. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент амалга оширади. У икки палата: бундестаг ва бундесратдан иборат. Бундестаг аҳоли томонидан 4 и. муддатга сайланади. Бундесрат эса ер ҳукуматлари ўз орасидан 4 й. муддатга тайинлайдиган вакиллардан иборат. Ижроия ҳокимият федерал канцлер бошчилигидаги федерал ҳукумат қўлида. Федерал канцлер бундестагда президентнинг таклифига биноан кўпчилик овоз билан сайланади. Вазирлар федерал канцлернинг таклифи билан президент томонидан тайинланади. Ҳар бир ернинг ўз конституцияси, парламент ва ҳукумати бор.

Табиати. Германия манзараси бениҳоя хилма-хил ва жозибадор. Паст ва баланд тоғ тизмалари ораларида ясситоғликлар, ўрқирлар, кўллар, кенг ва очиқ текисликлар учраб туради. Шим. дан жан. га томон Германия 5 ландшафт зонасига бўлинади: Шим. Германия паеттекислиги, ўртача баландликдаги тоғ остонаси, Жан.-ғарбий Германия бурма пойдеворли ўрта тоғлиги, Жан. Германия Альполди ясситоглиги ва Бавария Альп тоғлари. Шим. даги паеттекисликларда кўллар, қирли, қум ва тупроқли платолар, яйдоқ ерлар ва торфли ботқоқлар кўп. Ўрта тоғ остонасидан шим. томондаги ерлар (Қуйи Рейн, Вестфалия ва Саксония-Тюрингия ҳавзаси) серҳосил. Жан. да Шарқий Альп тоғлари қад кўтарган (энг бал. нуқтаси ЦугШпитце тоғи, 2962 м). Шим. денгиз билан Болтиқ денгизи оралиғидаги паст-баланд қирғоқларда «Гольштейн Швей-царияси» жойлашган. Германия ер остида тош-кўмир, қўнғир кўмир, тузлар жуда кўп. Оз миқдорда темир рудаси, нефть, табиий газ бор. Иқлими мўътадил, денгиз иқлими, ғарб ва шим.-ғарбдан жан.шарққа томон денгиз иқлимидаги мўътадил-континентал иқлимга ўта боради. Янв. нинг ўртача т-раси пасттекисликда 1,5°дан тоғларда —6° гача; қишда сертуман, қор тез эриб кетади. Июлнинг ўртача т-раси пасттекисликда 18°дан жан. водийларда 20°гача. Йиллик ёғин миқдори 600-800 мм. Баланд тоғларда ёз салқин, ёғин 1000-2000 мм. Дарёлари: Эльба, Рейн, Дунай, Майн, Везер, Шире, Мозель. Йирик кўллари: Воден, Мюриц. Тупроғи асосан подзол, чимли подзол ва қўнғир ўрмон тупроқларидан иборат. Гарц тоғларининг шарқий ва шим. тоғ олди жойларида унумдор қорамтир тупроқ учрайди. Тоғларда қорақайин, дуб, оқ ва қора қарағай ўсади. Буғу, элик, серна (тоғ эчкиси), оҳу ва б. яшайди. Миллий боғлари — Бавария ўрмони, Берхтесгаден.

Аҳолисининг 90% дан кўпроғи немислар; қисман дан (даниялик)лар ва голландлар яшайди. Шаҳар аҳолиси 85% дан ортиқ. Расмий тили — немис тили. Диндорлар — протестантлар (лютеранлар, 50% дан зиёд) ва католиклар. Аҳоли зичлиги бир км2га 229 киши тўғри келади. Мамлакатда 7,2 млн. чет элликлар ҳам яшайди. Улар умумий аҳолининг 8,9% ини ташкил этади. Йирик шаҳарлари: Берлин, Гамбург, Мюнхен, Кёльн, Франкфуртмайн, Дортмунд, Штутгарт, Дюссельдорф, Ганновер, Нюрнберг, Лейпциг, Дрезден.

Тарихи. Археология маълумотларига кўра, Германия ҳудудида инсон 500-300 минг йиллар муқаддам пайдо бўлган. Мил. ав. 1-минг йиллик охирларида Германияда жойлашиб олган герман қабилалари Рим давлати билан тўқнашди. Халғларнинг буюк кўчиши деб аталадиган даврдан сўнг Германияда алеманлар, баварлар, шар-қий франклар, сакслар, тюринглар ва фризлар қолгаи.

6—8-а. ларда Германиянинг барча ҳудудини франклар эгаллаб олди. 9-а. да Германия ерлари Шарқий франклар қироллиги таркибига киргандан сўнг мустақил герман давлатига йўл очилди.

Штауфенлар сулоласи (1138—1268) даврида Германия ҳудуди анча кенгайди. Айрим немис князликлари, айниқса Саксония князлиги «салиб юриши» ниқоби остида Эльба ва Болтиқбўйи халқларининг ерларини босиб олди.

15-а. охири —16-а. бошларида деҳқонлар ва шаҳарликларнинг жабр-зулмга қарши қўзғолонлари бўлиб турди. Айниқса, аҳолидан ҳар хил баҳоналар билан турли солиқлар ундириб оладиган католик черковига қарши қаттиқ норозилик туғилди. Мартин Лютер раҳбарлигида католик черковига қарши ҳаракатреформация бошланди (1517). Реформация давридаги оммавий ҳаракатнинг энг юқори чўққиси 1524—26 й. лардаги деҳқонлар уруши бўлди. Бу даврда Шарқий Германияда ўз маҳсулотини ташқи бозорга мўлжаллаган йирик хўжаликлар пайдо бўлди. 1618 й. га келиб католик ва протестантларнинг ўзаро курашлари Европадаги ўттиз йиллик уруш (1618—48) келиб чиқишига сабаб бўлди. Уруш оқибатида Германия катта талафот кўрди. 1648 й. ги Вестфалия сулх. шартномасига кўра, Германия бир неча князликларга бўлинди. Ўзининг муҳим географик ўрни туфайли Бранденбург-Пруссия курфюрстлиги (1701 й. дан Пруссия қироллиги) энг йирик герман давлатларидан бирига айланди. 1740-86 й. ларга келиб, Фридрих II қироллиги даврида прус милитаризми авж олди.

Пруссия Европада буюк давлатга айланиб, Германияда ҳукмронлик ўрнатиш учун Австрия билан курашни кучайтирди. 1740 й. Пруссия қўшинлари Австрия Силезиясига бостириб кирди. Савдо-сотиқ ва саноатнинг ривожланиши Германияда феодал крепостной тузумини бекор қилишни тақозо қилар эди. Француз буржуа инқилоби таъсирида Германияда деҳқонлар ҳаракати авж олди. Немис князь ва феодаллари Франциядаги инқилобни бўғиб ташлашни мақсад қилиб олишди. 1792 й. Австрия б-н Франция ўртасида уруш чиқди. Пруссия Австрия томонида туриб урушди. Урушда Германия армияси енгилди. 1793 й. 18 мартда французлар томонидан озод қилинган Майнц ш. да немис тупроғида биринчи демократик республика эълон қилинди. 1803—04 й. ларда Наполеон Германия

даги маида давлатларни тугатиб, ўз ҳукмронлигида Рейн иттифоқи ташкил қилди. 1812 й. ги урушда Россиянинг ғалабаси Германияни Наполеон ҳукмронлигидан халос қилди. 1813 й. ги Лейпциг жанги (халқлар уруши)дан сўнг Германиянинг барча ҳудуди озод қилинди. 1814—15 й. лар Вена конгресси қарорига кўра, 39 давлатни бирлаштирган Германия иттифоқи тузилди. 1834 й. 18 давлат иштирокида Германия божхона иттифоқи ташкил тогши. Унда Пруссия раҳбарлик ролини ўйнар эди. Бу иттифоқ саноат ва савдони ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлди. Айниқса т. й. қурилишида Германия катта ютуқларни қўлга киритди ва 1850 и. га келиб, Европада иккинчи ўринга чиқиб олди. 1848—49 й. ларда Германияда буржуа-демократик инқилоби бўлиб ўтди. Унинг мақсади — мамлакатни бирлаштириш, монархия тузумини тугатиш. аграр масалани демократик асосда ҳал этиш эди. Бироқ, буржуазиянинг қўрқоқлиги ва хоинлиги, пролетариатнинг заифлиги туфайли инқилоб мағлубиятга учради. Бу Пруссия ҳукмдорларини мамлакатни инқилоб йўли билан эмас, қурол кучи ва урушлар йўли билан бирлаштириш керак деган хулосага олиб келди. Пруссия Дания (1864), Австрия (1866) ва Франция (1870) га қарши олиб борилган урушлардан сўнг Майн дарёсидан Шим. гача бўлган ерларда Шим. Германия иттифоқини тузишга эрищди. 1871 й. ги Франция-Пруссия урушидан сўнг Германия прусс милитаризми асосида бирлаштиридди. 1871 й. 18 янв. да немис князлари Версалда Пруссия қироли Вильгельм 1 ни Германия императори деб эълон қилди.

20-а. бошларига келганда саноат ривожи бўйича Г. Европада биринчи ўринни эгаллади. 1-жаҳон урушига тайёргарлик кўраётган Германия ҳукумати Франция-Россия иттифоқини бузиб, Францияни яккалаб қўймоқчи бўлди. Бу нарса амалга ошмади, аксинча, 1907 й. Франция, Россия ва Англия бирлашиб, Антанта деб аталадиган иттифоқ тузишди. Ўз ҳарбий қудратига ишонган ҳамда Англия Россияни қўлламайди деб ўйлаган Германия 1-жаҳон урушини бошлаб юборди. 1914 й. 1 авг. да Г. Россияга, 3 авг. да Францияга уруш эълон қилди. 4 авг. да эса Англия Германияга қарши уруш эълон қилди. 1917 й. АҚШ Антанта томонида туриб Германияга қарши урушди. 1918 й. нинг баҳорида Германия армияси ғарбга юриш қилди, бироқ мағлубиятга учради. Сент. да эса инглиз-француз кўшинлари томонидан тор-мор этилди. Ниҳоят, 1918 й. 5 окт. да сулҳ сўраб, Антантага мурожаат қидди. 1918 й. 11 нояб. да Компьенда яраш аҳди тузилди. 9 нояб. да Берлинда қўзғолон кўтарилиб, монархия тузуми ағдариб ташланди ва Германия республика бўлди.

1919 й. фев. да Веймар ш. да чақирилган таъсис мажлисида ишлаб чиқилган Г. Республикаси (Веймар республикаси) конституцияси 31 июлда қабул қилинди. Германия буржуазиясининг мавқеи мустаҳкамлана борди. Чет эл, айниқса АҚШ сармояси Германиянинг ҳарбий ва саноат иқтисодиётини қайта тиклаш имконини берди. Веймар республикаси реакцион тусга кира борди. 1929 й. да бошланган жаҳон иқтисодий бўҳрони Германия иктисодиётига катта таъсир қилди. Бу шароитда национал-социалистик партия (1919 й. тузилган) фаоллаша борди.

1932 й. март—апр. даги президент сайловида Адольф Гитлер 13 млн . дан ортиқ овоз олди. Ўша йил нояб. ойида ҳокимият национал-социалистлар қўлига ўтди. 1933 й. да фашистлар диктатураси ўрнатилди. А. Гитлер рейхсканцлер, кейинчалик эса давлат бошлиғи бўлиб олди. Шу даврдан бошлаб мамлакатда террор режими ўрнатидди. Антифашистлар қаттиқ таъқиб остига олинди. 1935 й. умумий ҳарбий хизмат жорий қилинди.

Германия 1936—39 й. ларда Италия билан биргаликда Испанияга қарши интервенция уюштирди. 1938 й. мартда Австрияни қўшиб олди. 1939 й. 1 сентда Г. Польшага ҳужум қилиб, 2-жаҳон уруши (1939-45) ни бошлаб берди. 3 сент. да Англия ва Франция Германияга қарши уруш эълон килди. 1940 й. апр. да Г. Дания ва Норвегияни, май—июнда эса Бельгия, Голландия, Люксембург ва Францияни босиб олди. 1940 й. сент. да Берлинда Германия, Италия ва Япония ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилди. 1941 й. апр. да Германия Югославия ва Грецияни босиб олди. Шу йили 22 июнда эса Германия уруш эълон қилмасдан СССР га ҳужум қилди. Дастлабки муваффақиятларига қарамай, герман фашистлари шиддатли зарбага дуч келди. 1945 й. 2 майда иттифоқчилар қўшинлари Берлинни эгаллади. 8 майда Германия сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди. Германия тўрт оккупация зонасига бўлинди. 1949 й. авг. да Ғарбий Германияда парламент сайлови ўтказилди. Ўша йили 20 сент. да Икки суверен герман давлати 1990 й. окт. гача алоҳида-алоҳида яшаб келди. Лекин социалистах жамият қуриш йўлини тутган ГДРнинг ижтимоий турмуш даражаси Ғарбий Германия даражасига нисбатан анча орқада қолди — Ғарбий Германия жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари қаторидан ўрин олди. Немис халқининг бирлашиш орзуси 1989 й. нинг сўнгида тақиқ рамзи бўлмиш Берлин деворининг бузилиши билан ушалди (қ. Берлин деворининг қулатилиши). 1990 й. 12 сент. да Москвада Германия масаласини узил-кесил ҳал этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. ГДР Халқ палатасининг қарорига биноан ГДР ГФРга қўшилди. Натижада ягона Германия давлати ташкил топди.

1999 й. дан Германия федерал президента — Йоханнес Pay. 1998 й. дан федерал канцлер — Герхард Шредер. Г. —1973 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1992 й. 6 мартда ўрнатган. Миллий байрами —3 окт. — Г. бирлиги куни (1990).

Асосий сиёсий партияларн ва касаба уюшмалари. Г. коммунистик партияси, 1968 й. да тузилган; Демократик социализм партияси, собиқ ГДР да 1946 й. да тузилган Германия бирлашган социалистик партияси (ГБСП) негизида 1989 й. да ташкил этилган; Г. социал-демократик партияси, 1946 й. да тузилган; Христиан-демократик иттифоқи, 1945 й. дан фаолият курсатади, 1950 й. да ташкилий жиҳатдан ягона партия сифатида расмийлашган; Христиан-социал иттифоқи, 1945 й. да Баварияда асос солинган; Эркин демократик партия, 1990 й. да тузилган: «Иттифоқ-90» «кўкатпарварлар» партияси. 1993 й. да «Кўкатпарварлар» б-н «Иттифоқ-90» партиясининг бирлашуви натижасида барпо этилган; Г. миллий демократик партияси, 1964 й. да янги нацистлар томонидан тузилган; Республикачилар партияси, 1983 й. асос солинган. Немис касаба уюшмалари иттифоқи, 1949 й. да тузилган, Германия бирлашганидан сўнг собиқ ГДРдаги касаба уюшмалари унга қўшилди. Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерацияси ва Европа касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хўжалиги. ГФР — юксак даражада ривожланган индустриал мамлакат. Умумий иктисодий қудратига кўра дунёда учинчи ўринда, жаҳон савдосида иккинчи ўринда туради. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ва қурилишнинг улуши 33,6% ни, қ. х. нинг улуши 1,2% ни ташкил этади.

Саноати немис иқтисодиётининг асосий таянчидир. Қўнғир кумир (дунёда 1-ўрин), тошкўмир, нефть, табиий газ, полиметалл рудалар, калий ва оштузи қазиб олинади. Энергетика, қора ва рангли металлургия, машинасозлик, кемасозлик, кимё ва нефть кимёси, ёғочсозлик, озиқ-овқат саноати, чиннисозликғоятривожланган. Германия саноати асосан ўрта корхоналардан иборат. Саноатда банд бўлган барча ходимларнинг 32% дан кўпроғи (2,2 млн. киши) йирик фирмаларда ишлайди. «Сименс» концерни, «Фольксваген», БМВ ва «ДаймлерБенц» каби автомобилсозлик фирмалари, «Хёхст», «Байер» ва БАСФ каби кимё концернлари, «Рурколе АГ» кўмир қазиш фирмаси, «ФЕБА» ва «РВЕ» электр техника концерни ёки «Бош» гуруҳи бутун дунёга машҳур бўлиб, дунёнинг ҳамма жойларида филиаллари, корхоналари ёки тадқиқот муассасалари бор. Йирик фирмалар кўпдан-кўп майда ва ўрта корхоналарнинг буюртмачиси ҳисобланади. Бу муваффақиятларда бошқариладиган иқтисодиётдан 1948 й. да бозор хўжалигига ўтилганлиги ҳал қилувчи омил бўлди. Транспорт воситалари и. ч., машинасозлик, кимё саноати, электр техника, озиқ-овқат, металлургия, кончилик, аниқ механика ва оптика, авиация ва космик саноати асосий тармоқлардир. Техника тараққиёти соҳасида Германия саноати дунёда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Германия иқтисодиёти юксак технологиялардан фойдаланиш туфайли фармацевтика маҳсулотлари, энг янги органик кимёвий моддалар ва сунъий материаллар, тиббиёт электроникаси, оптика ва ўлчов асбоблари и. ч. да, янги автомобиллар яратиш ва машинасозликда, телекоммуникация, атроф муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари соҳасида дунёда етакчи ўринда. Германияда қад. ва гўзал анъ-аналарга эга бўлган ҳунармандчилик ривож топган.

Қишлоқ хўжалиги. Г. да қ. х. га яроқли 36 млн. га ер бор. У мўл-кўл юқори сифатли озиқ-овқат махсулотлари етказиб беради. Қ. х. нинг асосий маҳсулотлари: буғдой, арпа, қанд лавлаги, картошка, шунингдек узум, мева, сабзавот ва ш. к. Чорвачиликда мол гўшти, чўчқа гўшти, товуқ гўшти ва сут етиштирилади.

Германия ҳудудининг қарийб учдан бир қисми (10,7 млн. га) ўрмон билан қопланган. Мамлакатда ҳар йили салкам 30—40 млн. куб метр ёғоч тайёрланади, бу ҳажм ички эҳгиёжнинг учдан икки қисмини крплайди. Германия ёғоч экспорт қиладиган энг йирик давлатлардан биридир. Шим. ва Болтиқ денгизларида, Гренландия о. атрофларида балиқ овланади.

Т. й. узунлиги —91,4 минг км, автомобиль йўллари уз. —496,6 минг км. Энг катта аэропорти — Франкфуртмайн ш. да. Бошқа йирик аэропортлари: Берлин-Тегель, Берлин-Шенефельд, Бремен, Гамбург, Ганновер, Дрезден, Дюссельдорф, Кёльн /Бонн, Лейпциг, Мюнхен, Нюрнберг, Саарбрюккен ва Штутгарт. Сув йўллари уз. —7467 км. Асосий денгиз портлари: Гамбург, Бре-менБремерхафен, Вильгельмсхафен, Росток.

Германия дунёдаги ташки савдо айланмаси ҳажми бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Германия четга асосан автомобиллар, станоклар, машиналар, кимё маҳсулотлари ва электр техника буюмлари чиқаради. Четдан хом ашё, электр техника ва тўқимачилик маҳсулотлари олади. Ташки савдодаги асосий мижозлари: Франция, Италия, Буюк Британия, Нидерландия, Бельгия, АҚШ, Россия, Люксембург. Пул бирлиги — немис маркаси.

Тиббий хизмати. Германияда 620 мингга яқин ўринли 2300 касалхона, 267 минг врач ишлайди. Бундан ташқари 1300 соғломлаштириш муассасалари мавжуд.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Конституцияга биноан давлат маориф тизимини умумий назорат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Ҳар бир ерда маориф масалалари билан шуғулланувчи вазирлик бор. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун таълим мажбурий. Ўқиш муддати —12 й. Жумладан, болалар тўла ўқув ҳафтаси дастури бўйича мактабда 9 й., сўнфа тўлиқсиз ўқув ҳафтаси дастури бўйича ҳунартехника билим юртида 3 й. ўқийди. Мактаблар бир неча босқичга бўлинади: бошланғич босқич — 1—4синфлар (баъзи ерларда 1—6синфлар). Сўнг ўқувчилар умумий таълим мактабининг уч тоифасига ажратилади; кейинчалик ҳунар таълими олиш ҳуқуқини берадиган асосий мактаб (5—6 й.), касбкор йўналишидаги тўлиқсиз ўрта таълим ҳуқуқини ва ўрта ҳунар-техника ўқув юртига кириш ва уни битиргач, техника олий ўқув юртига кириш ҳуқуқини берадиган реал мактаб; тўлиқ ўрта маълумот берадиган ва ун-т ҳамда олий ўқув юртларига кириш ҳуқуқини берадиган гимназия. Умумий таълим берадиган мактабнинг янги тоифаси — умумий мактаб ҳам мавжуд. Унда болалар 5синфдан 10синфгача ўқийди. Баъзи умумий мактабларда гимназияларнинг юқори синфлари тарзида ташкил этилган юқори синфлар бор. Ақли заиф ва ногирон болалар учун махсус мактаблар бор. Уларга ҳам мажбурий таълим жорий этилган.

Ҳунар-техника таълими тизимида ҳунар мактаблари, техника ва муҳандислик билим юртлари, турли ихтисосликдаги ўрта махсус таълим мактаблари ҳамда махсус олий мактаблар бор. Олий таълим тизимига ун-тлар, олий ўқув юртлари, олий бадиий мактаблар, техника мактаблари ва б. киради. Уларда ўқиш — пулли. Энг йирик ва қад. олий ўқув юртлари: Гейдельберг, Лейпциг, Росток, Берлин унтлари. 1960 й. дан кейин яна 20 та ун-т ташкил этилди. Уларнинг ёнида техника олий билим юртлари ва пед. ин-тлари мавжуд. Махсус олий ўқув юртлари олий таълимнинг энг ёш ва ҳаммага манзур тоифаси ҳисобланади. Улардаги таълим айниқса муҳандислик, иқтисодиёт, ижтимоий таъминот, дизайн ва қ. х. соҳаларида кўпроқ амалий тарзда олиб борилади. Германияда ҳар йили 10 млн. фуқаро билим савиясини ошириш имкониятига эга. Малака оширишнинг энг яхши ва самарали шакли халқ ун-тларидир. Германияда 11 та минтақалараро иқтисодиёт ўқув маркази ва 30 та малака ошириш ин-ти мавжуд. Йирик фирмалар ўз ходимлари учун алоҳида курслар ташкил этади.

Мамлакатдаги и. т. ишлари олий ўқув юртларида, давлат ва хусусий и. т. муассасаларида ва иқтисодиёт и. т. бўлимларида олиб борилади. Тадқиқотларда Дюссельдорф, Гёттинген, Гейдельберг, Лейпциг, Майнц ва Мюнхенда жойлашади ФА лари ва 1992 й. қайта ташкил этилган Берлин-Бранденбург бадиий академияси олий ўқув юртлари билан узвий ҳамкорлик қилади. Мамлакатда 60 дан ортиқ илмий муассаса ва уларнинг филиаллари мавжуд. «21-аср технологиялари» деб аталган ишлардан ташқари, жумладан, транспорт, экология, соғлиқни сақлаш, информатика, шунингдек майда ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш соҳаларида тадқиқотлар олиб борилади.

Германияда 3 мингдан кўпроқ музей бор. Ерлар, шаҳарлар, уюшмаларнинг музейлари, ўлкашунослик ва хусусий музейлар, ибодатхоналар, қасрлар, саройлардаги музейлар, очиқ ҳаво остидаги музейлар шулар жумласига киради. Энг йирик музейлари: Ахендаги собор хазинаси, Янги галерея, Берлиндаги «Пруссия маданий бисоти» давлат музейи, Бонндаги шаҳар санъат асарлари мажмуаси, Дрездендаги Эски ва Янги усталарнинг расмлар галереяси, «Кук гумбаз», Эссендаги «Фолькванг» музейи каби санъат музейлари, Бонндаги Рейн вилоят музейи, Кёльндаги Рим-Германия музейи, Мюнхендаги Бавария миллий музейи каби маданийтарихий музейлар, Берлин, Франкфуртмайн, Гёттинген, Гамбург, Кил, Кёльн, Любеке, Мюнхен ва Штутгартдаги этнография музейлари ва б. Йирик кутубхоналари: Мюнхендаги Бавария давлат кутубхонаси (6 млн . дан ортиқ асар сақланади). «Пруссия маданий бисоти»нинг Берлиндаги давлат кутубхонаси (4 млн. асар), Кёльндаги Марказий кутубхона, Вольфенбюттедцаги герцог Август номидаги кутубхона (660 мингдан ортиқ асар) ва б.

Матбуоти, радноэшиттириши ва телекўрсатуви. Германияда нашр этиладиган асосий газ. ва жур. лар: «Альгемайне цайтунг («Умумий газета», кундалик газ., 1850 й. дан), «Берлинер моргенпост» («Берлин тонгги хабарлари», кундалик газ., 1898 й. дан), «Боннер рундшау» («Бонн шарҳи», кундалик газ., 1945 й. дан), «Генеральанцайгер («Ҳаммабоп хабарнома», кундалик газ., 1725 й. дан), «Нойес Дойчланд» («Янги Германия», кундалик газ., 1946 й. дан), «Шпигель» («Кўзгу», ҳафталик суратли жур., 1947 й. дан), «Штерн» («Юлдуз», ҳафталик суратли жур., 1948 й. дан). Дойчер Депешендинст Альгемайнер Дойчер Нахрихтендинст — ДДП/ АДН ахборот аген-тлиги; 1946 й. да собиқ ГДРда тузилган АДН агентлигининг 1993 й. да Ғарбий Германиянинг ДДП агентлиги билан қўшилиши натижасида вужудга келган. Дойче Прессе-Агентур-ДПА жаҳон ахборот агентлиги, акциядорлик жамияти бўлиб, 1949 й. да тузилган. «Арбайтсгемайншафт дер эффентлих-рехтлихен рундфунканштальген дер Бундесреспублик Дойчланд» — АРД ГФР радио ва телевизион компаниялари бирлашмаси, мамлакат радиоэшиттириш ва телекўрсатувларини назорат қилади.

Адабиётннинг энг қад. намуналари 8 — 9-а. ларга мансуб («Гильдебранд қўшиғи», «Мазребург сеҳри»). Эккехарднинг лотин тилидаги «Вальтариус» асари 11-а. да яратилган.

Уйғониш даври адабиётига Вольфрам фон Эшенбах, М. Лютер, Т. Мюнцер, Г. Сакс (16-а.) каби шоир ва адиблар салмокли ҳисса қўшди. «Тиль Эйленшпигель», «Рейнеке Лис», «Фауст» каби халқ китоблари нашр қилинди. Классицизм намояндаси шоир М. Опиц мистик ва дабдабали барокко шеъриятига қарши немис тилининг софлиги учун курашди. «Минна фон Барнхельм», «Эмилия Галотти», «Донишманд Натан» пьесалари муаллифи Германия Лессинг немис миллий адабиётига асос солди. И. В. Гёте («Эгмонт», «Герман ва Доротея», «Фауст») ва Ф. Шиллер («Қароқчилар», «Макр ва муҳаббат», «Орлеан қизи», «Вильгельм Телль») ижоди 18-а. ва 19-а. бошлари немис адабиётидаги тараққийпарвар ғояларнинг ривожида юксак босқич бўлди. 18-а. 2-ярми ва 19-а. бошларида романтизм пайдо бўлди. Романтиклар (ака-ука А. ва Ф. Шлегеллар, Л. Тик, Л. Уланд ва б.) ўрта асрни, дин ва хурофотни идеаллаштириб, поэзияда субъективизмни тарғиб этишди. 19-а. нинг 30-й. ларидаги сиёсий кўтарилиш адабий ҳаётни ҳам жонлантирди. Драматург Г. Бюхнер, Л. Берне демократия учун курашдилар. Буюк шоир Германия Гейне «Қўшиқлар китоби» сиёсий лирикаси ва б. тўпламларида феодал реакцияни танқид қилди. 1848-49 й. лардаги немис буржуадемократик инқилоби мағлубиятидан сўнг адабий ҳаётда реакцион кайфият кучайди.

20-а. бошларида драматургияда натуралистик оқим пайдо бўлди (Г. Гауптман, А. Гольц ва б.), танқидий реализм юксак босқичга кўтарилди. 1-жаҳон уруши даврида ва ундан сўнг А. Цвейг, Б. Келлерман, К. Тухольски, Э. М. Ремарк каби танқидий реалистлар ижтимоий тузумнинг реакцион моҳиятини фош этдилар. Фашистлар ҳокимият тепасига келгач, кўпчилик тараққийпарвар езувчилар ватанни тарк этишди ва чет элларда фашизмни фош этувчи асарлар ёзишди. 1945 й. да мамлакат иккига бўлингач, немис адабиёти турли йўллардан ривожланди. Шарқий Германия (собиқ ГДР) да яшаган таниқли езувчилар Т. Манн, Г. Манн, Л. Фейхтвангер кабилар адабий оқимдаги илғор анъаналарни ижодий давом эттирдилар. Эски зиёлилардан Б. Келлерман, А. Цвейг, Г. Фаллада янгича адабий ҳаётга фаол қўшилдилар. И. Р. Бехер, Б. Брехт, А. Зегерс, Ф. Вольф, Ф. Фюман фашизмнинг жирканч қиёфасини фош этувчи, инсоннинг жамият олдидаги масъулиятини ифодаловчи асарлар ёзишди. Аммо бу ерда ахборот имконияти ва фикрлар эркинлиги бўлмаган шароитда уларнинг ижодий имкониятлари чекланган эди.

Германиянинг ғарби (ГФР)да яшаган ва фашизм қабоҳатларининг шоҳиди бўлган В. Борхерт, X. В. Рихтер, Германия Бёлль каби адиблар ўзларининг кўрган-кечирганлари ҳақида таъсирчан асарлар яратишди. Ханс Вернер Рихтернинг ташаббуси билан тузилган «47 лар гуруҳи» катта роль ўйнади. Шу гуруҳ ҳар йили ўтказиб турган ёзувчиларнинг учрашувлари адабий доирадан чиқиб, сиёсий воқеага ҳам айлана борди. Бир қатор адиблар (Ю. Беккер, Р. Бринкман, А. Клуге, Д. Веллерсхоф) ижтимоий воқеликни талқин этмай, шунчаки тасвирлаш йўлидан бордилар. 70 – ва 80-й. ларда эса кўпгина ёзувчилар ижтимоий ва иқтисодий фаолликка интилдилар. Мамлакат бирлашиши билан немис адабиёти янги ривожланиш босқичига кирди. Янги воқеликии бадиий идрок қилиш ва акс эттириш учун вақт керак бўлади.

Меъморлиги. Герман қабилаларининг қад. меъморий ёдгорликлари (ёғочдан ишланган) сақланмаган. Тошдан ишланган меъморий ёдгорликлари (Ахендаги сарой капелласи, 790—805: Фульддаги муқаддас Михаил черкови, 822) кейинги антик ва Византия меъморлиги таъсирида пайдо бўлган. 9 — 10-аларда базилика хилидаги безаксиз черковлар қурилди. 11-12-а. ларда роман услубидаги черков ва соборлар (Мария Лах черкови, 1093— 1230; Майнцдаги собор, 1100-1230 ва б.) қад кўтарди. 13-14-а. ларда Германияда готика услубига хос биноларни янги конструкциялар асосида қуриш авж олди. Уйғониш даврида ҳам готика услуби ўз мавқеини йўқотмади. 17-а. да меъморлик ва тасвирий санъатда дабдабали барокко услуби кенг тарқалди. 18-а. нинг 1-ярмида сарой ва черковлар қурилиши янада ривожланди ва баъзан барокко билан рококо қисман бирлаштирилди, 2-ярмида эса классицизм услубида театр, музей ва ўқув муассасалари қурилди.

19-а. да янги қурилиш материаллари — темир ва бетон конструкциялари пайдо бўлиши туфайли модерн услуби урф бўлди. 20-а. да техника тараққиёти билан конструктивизм ва функционализм қонунлари асосида (П. Беренс, Б. Таут, В. Гропиус, Л. Мис ван дер Роэ ва б.) саноат ва турар жой бинолари барпо этилиб, шаҳарлар лойиҳаси тузилди. Фашистлар диктатураси даврида Германияда дағал ва бесўнақай кўринишли, классицизмга ёт бинолар қурилди. Бу даврда кўпгина атоқди меъморлар чет элларга кетиб қолдилар. Урушдан кейин айниқса ГДР да бир қолипдаги кўримсиз бинолар қад кўтарди. Кейинги йилларда куркам жамоат бинолари, қулай турар жойлар қурила бошлади, шаҳарларни обод қилишга киришилди. Германияда инсоннинг эҳтиёжларини ҳар томонлама назарда тутган замонавий янги меъморлик намуналари тобора кўпайиб бормоқда. Меъморликдаги янги йўналишлар гўзал ва қулай иншоотлар яратилишига олиб келмоқда. Турли рангларга бўялган лифтлар, эскалаторлар, бино ташқарисига ўрнатилган коммуникациялар меъморий безак вазифасини ҳам ўтайди. Устуннинг қоши, карниз ва нақшлар эса бино ҳуснига ҳусн қўшиб, киши кўзини қувонтиради. Штутгартдаги янги давлат галереяси биноси (меъморлар Ж. Стерлинг, М. Уилфорд). Франкфуртмайндаги 256 метрлик ярмарка минораси (меъмор X. Ян) шу жумлага киради.

Тасвирий санъати. Германия ҳудудида палеолит ва неолит, жез ва темир даврлари санъати ёдгорликлари топилган. Мил. бошларида герман қабилаларининг ибтидоий санъати пайдо бўлган. 8—9-а. ларда каролинглар санъати (суяк ўймакорлиги, миниатюра)га Византия, қад. дунё маданияти таъсир этди. 11-13-а. лар санъати (Хильдесхейм соборининг бронза эшиклари, 1015, Рейхенау о. даги Оберцель черковининг деворий расмлари, миниатюралар) диний характердаги роман услубига ўтиш даври бўлди. 13—14-а. ларда немис готикаси тараққий этиб, саройрицарлик маданияти элементлари ўсаётган шаҳарлар маданияти билан қўшилиб кетди. Уйғониш даврида инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган реалистик санъат вужудга келди. 15-а. да пайдо бўлган бу санъат (С. Лохнер, Л. Мозер, Г. Мулчер, М. Шонгауэр) 16-а. нинг 30-й. ларида А. Дюрер, X. Хольбейн асарларида юксак чўққига кўтарилди. Санъатда 16-а. нинг 2-ярмидан маньеризм, 17-а. дан барокко ҳукмрон бўлиб, 18-а. ўрталарида классицизм пайдо бўлди (Р. Менгс, А. Кауфман, А. Я. Карстенс ва б.). 1848—49 й. лардаги инқилоб даврида жанговар демократик руҳдаги картиналар яратилди (И. П. Газенклевер, К. Гюбнер, К. Ф. Лесинг). 19-а. нинг йирик реалист рассоми А. Менцель ижодида немис ҳаёти ўзининг тўла аксини топди. 20-а. бошларида Германия майда буржуазия оқими — экспрессионизм ватани бўлиб қолди (ҳайкалтарош В. Лембрук ва б.). Фашистлар ҳокимият тепасига келгач, қувғин ва таъқибларга қарамай, баъзи рассомлар (Барлах, Кольвиц, О. Нагель) инсонпарварлик идеалларига содиқ қолдилар. Урушдан кейин утмиш анъаналариии тиклашга киришилди ва Европа ҳамда Америка санъатидаги янги оқимлардан фойдаланилди. Ҳоз. вақтда йўналишлар нақадар хилма-хил бўлмасин, мутаносиблик йўлига интилиш сезилади.

Театр санъати тарихи халқ урф-одатлари ва ўйинларидан иборат. 11—15-а. ларда халқ сайёр актёрлари — шпильманлар санъати авж олди (енгил, шўх, кичик пьесалар қуйилган). 16-а. охирларида мактаб драмалари кенг таркалди. Немис актёрларининг биринчи труппалари юзага келди. 18-а. да актриса К. Ф. Нейбер немис театри саҳнасига француз классицизми бадиий тамойилларини олиб чиқди, театрнинг тарбиявий роли учун курашди. 19-а. да Берлин, Брауншвейг, Дрезден, Дюссельдорф, Гамбург ва б. шаҳарлар театр марказига айланди. 19-а охири ва 20-а. бошларида Э. Поссарт, Л. Барнай, Й. Кайнц каби йирик актёрлар етишиб чикди. l-жаҳон уруши йилларида Германия театри реалистик анъаналардан чекинди. 1927 й. да очилган «Пискатор театри» публицистик йўналишдан борди. Драматурглардан Б. Брехт, Ф. Вольф, Э. Толлер, актёрлардан А. Моисеи, Г. Отто, Э. Буш, реж. лардан М. Рейнгардт, Э. Пискатор, Г. Вангенхейм, К. X. Мартинлар театр санъатининг ривожланишига катта ҳисса қўшдилар. Фашизм даврида театр санъати нацистларнинг тарғибот қуролига айланди. Фашизм тор-мор этилгач, нацизмга қарши рухдаги пьесалар пайдо бўлди. Берлин да 150 та театр ва саҳна бор. Бошка шаҳарлардаги театрларнинг ҳам репертуарлари хилма-хил. Классикларнинг пьесалари ҳам катта муваффақият қозонмоқда. Шиллер, Лессинг ва Клейстдан кейин Б. Брехт асарлари пайдо бўлди. Замонавий драматурглардан баъзилари муваффақиятга эришди. Рольф Хокхут, Харальд Мюллер, Танкред Дорст, Клау Поль шу жумлага кирди.

Мусиқаси. Ўрта асрларда рицарлар санъати пайдо бўлди, миннезингерлар мактаби шаклланди (Вольфрам фон Эшенбах ва б.); 14-а. да мейстерзингерлар санъати, 16-а. дан чолғу (айниқса орган) мусиқаси (К. Пауман сингари композиторлар ижодида) ривожланди. Ислоҳот даврида халқ қўшиқлари заминида протеста нтхорали пайдо бўлди. Германия Шютц немис мусиқасида оратория ва кантата жанрларини ишлаб чиқди, биринчи немис операси «Дафна» (1627)ни езди. 1723 й. дан И. С. Бах фаолияти бошлангап Лейпциг йирик мусиқа марказига айланди. 18-а. 2-ярмида мусиқали саҳна жанри — зингшпиль пайдо бўлди (И. Хиллер ва б.). Асосан чет элларда ишлаган Г. Гендель, X. Глюк каби композиторлар Англия, Франция ва б. мамлакатлар мусиқа тараққиётига катта ҳисса қўшди. Й. Гайдн, В. А. Моцарт, Л. Бетховен сингари Вена классик мактаби усталари немис мусиқаси ривожига кучли таъсир ўтказди. Л. Бетховен ижоди немис мусиқасининг чўққисидир. 19-а. бошида мусиқийромантизм намояндалари Ф. Шуберт, К. Вебер, Ф. МендельсонБартольди, Р. Шуман, 19-а. 2-ярмида Р. Вагнер. И. Брамс, М. Регерлар ижод қилди. 20-а. бошидан Германияда экспрессионизм (Р. Штраус, А. Шёнберг), неоклассицизм (П. Хиндемит), атонализм каби мусиқий авангардизм оқимлари тарқалди. Фашистлар режими мамлакат мусиқий маданиятига ҳалокатли таъсир қилди. Илғор кайфиятдаги мусиқа арбоблари хориждан бошпана топди. Урушдан кейин кекса авлодга мансуб компзиторларнинг ижоди ва фаолияти (К. Орф ва б.) етакчилик қилди. 60-й. лардан кейингина ёш композиторлар (X. Хенце, К. Штокхаузен) кўзга кўрина бошлади. Берлин, Гамбург, Мюнхен, Франкфуртмайн, Штутгарт, Лейпциг, Дрезден ва б. шаҳарларда опера ва балет театрлари, симфоник оркестрлар, Олий мусиқа мактаблари бор.

Кнноси. Германияда кинематография 1895 и. юзага келган. 1-жаҳон уруши арафасида бадиий фильмлар ишлаб чиқарила бошланди. 1916-17 й. лар УФА деб аталган йирик и. ч. фирмаси тузилди. Ф. Ф. Мурнау, Г. В. Пабст, Э. Любич каби реж. ларнинг фильмларида замонасининг ижтимоий мавзулари акс эттирилди. 20-й. ларда немис киносида экспрессионизмнинг кучли таъсири сезилиб туради. 20-й. лар охири ва 30-й. лар бошида «Краузен бувининг бахт томон сафари» (реж. П. Ютци) ва б. реалистик фильмлар яратилди. 1933 й. юзага келган сиёсий реакция немис кинематографияси ривожланишини тўхтатиб қўйди. 2-жаҳон уруши даврида кино нацизм тарғиботининг қуролига айлантирилди. ГФР да 1949 й. дан тижорат ва кўнгилочар фильмлар чиқарила бошлади. 60-й. лардан эътиборан ёш реж. лар бадиий етук экран асарлари яратишди. Кейинчалик замонавий воқелик ва ахлоқ мавзуларига эътибор берила бошлади. Дорис Дуррининг «Эркаклар» комедияси, Вольфганг Петерсоннинг уруш ҳақидаги «Сув ости кемаси» фильми каби бадиий пухта картиналар юзага келди. 1984 й. да яратилган «Париж, Техас», 1988 й. да суратга олинган «Берлин осмони», 1986 й. да дунё юзини кўрган «Роза Люксембург» фильмлари томошабинларга манзур бўлди. Тарихий ва замонавий мавзудаги адабий асарларни экранлаштиришга киришилди.

Ўзбекистон — Г. муносабатлари. Германия билан ЎзР ўртасида расмий муносабатлар 1992 й. дан бошланган бўлса ҳам, икки давлат ўртасидаги алоқалар узоқ даврга бориб такалади. 20-а. бошларида ўзбек чеварлари орасида немисларнинг «Зингер» тикув машинаси ниҳоятда машҳур бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эрйшгач, икки мамлакат ўртасида тенг ҳуқуқли муносабат ўрнатилди. Ўзбекистоннинг Ғярбий Европадаги биринчи элчихонаси 1993 й. Бонн ш. да очилди. Ўша пайтданоқ ўзаро алоқалар, делегацияларнинг ташрифлари йўлга қўйилди. Г. Федерал иқтисодий ҳамкорлик вазирининг 1992 й. авг. даги расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун асос яратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 1993 й. апр. да Германияга қилган ташрифи ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларга муҳим омил бахш этган бурилиш воқеаси бўлди. Ушбу ташриф якунида имзоланган «Капитал қўйилмаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва уларни ўзаро ҳимоялаш тўғрисида» шартнома, «Илмий тадқиқот ва мутахассислар жамғармасини вужудга келтириш» ҳамда «Маданий ҳамкорлик» тўғрисида битимлар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини белгилаб берди.

Ҳамкорлик дастурларини мувофиқлаштириш ва тезроқ амалга ошириш мақсадида 1993 й. авг. да идоралараро комиссия ҳамда 1995 й. май ойида Ўзбекистон — Г. доимий ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур комиссия ва гуруҳ мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиб, инвестицияларни кафолатлаш ва суғурталаш, лойиҳаларни молиялаш, хусусийлаштиришга кўмаклашиш, қимматли қоғозлар бозорини вужудга келтириш каби муҳим масалаларни ҳал қилиб келаётир. 1993 й. Тошкентда Германия техникавий ҳамкорлик жамиятининг ваколатхонаси очилди. Жамият фаолияти туфайли бозор иқтисодиётига оид семинар ва ўқув курслари ўтказиш йўли билан мутахассислар тайёрлаш, иқтисодий қонунчилик, хусусийлаштириш, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар йўловчи транспортига доир қонун ва низомлар ишлаб чиқиш, «Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш» тадбирлари бўйича маслаҳатлар бериш дастури амалга оширила бошлади.

1994 й. да Германия савдо-саноат палаталари бирлашмаси Тошкентда Германия иқтисодиёти вакили бюросини очди. Унинг асосий вазифаси ўзбек ва немис ишбилармонларини ахборот билан таъминлашдан иборат. Ўша йилнинг июнида Тошкентда К. Аденауэр жамғармасининг ваколатхонаси очилди. Ганновер халқаро ярмаркаси ишлаб турган даврда (1994 й. апр.) ўтказилган «Ўзбекистан иқтисодиёти кунлари» ГФР жамоатчилиги ва ишбилармонларини ғоят қизиқтирди. да Тошкентга қилган ташрифи давомида иккала мамлакатнинг ишбилармонлари иштирокида қўшма бизнес-семинар ўтказилди. Кейинги йилларда Ўзбекистон банклари, Фанлар академияси ва турли вазирликлари ҳамда муассасалари ходимлари учун амалий машғулотлар, конференциялар ва фойдали учрашувлар бўлиб ўтди. 1995 й. да Штутгарт ш. даги Линден-музейда «Ўзбекистан. Буюк Ипак йўли мероси» мавзусида очилган кўргазма Ўзбекистон-Г. ҳамкорлигини ривожлантиришда сезиларли воқеа бўлди. 1996 й. 18-19 и юн да «Германия марказий Осиё» жамияти, «Дойче Банк», Франкфуртмайн ш. магистрата ва ЎзРнинг ГФРдаги элчихонаси ташаббуси б-н Франкфурт ш. да «Германияда Ўзбекистон иктисодиёти кунлари» халқаро анжумани ўтказилди.

ЎзР Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Германиянинг «АКА», «КфВ», «Берлинер Банк» ва «Дойче Банк» каби банклари б-н базис битимлари тузган. Шу битимлар асосида камида 778,7 млн. немис маркаси миқдорида турли лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш бошланди.

ЎзР Президента И. Каримовнинг Германияга 2001 й. 2—5 апр. кунлари қилган ташрифи икки мамлакатнинг ўзаро муносабатларида сифат жиҳаткдан янги давр бошланганини билдирди. Ташриф давомида молия, сайёхлик, фан-техника, наркотиклар контрабандасига қарши кураш каби соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришни назарда тутувчи ўн тўртта ҳужжат имзоланди.

ЎзР Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг маълумотларига кўра, 1997 й. да мамлакатимизнинг дунё мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажмлари бўйича Германия 4-ўринни (Россия, Корея Республикаси, Швейцариядан кейин), Европа мамлакатлари орасида эса 2-ўринни (Швейцариядан кейин) эгаллади. 2000 й. да ўзаро савдо ҳажми 291,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистондан Германияга пахта толаси, мис ва ундан ясалган буюмлар, бошқа рангли металлар етказиб берилади ва турли хизматлар кўрсатилади. Германиядан ЎзР га асбобускуна, балиқ маҳсулотлари, қанд-шакар ва қандолат маҳсулотлари, буғдой уни, кимёвий маҳсулотлар, қора металл ва ундан тайёрланган буюмлар, транспорт воситалари, сарёғ ва ўсимлик ёғи, оптик асбоб ва аппарат лар, сут маҳсулотлари, қоғоз ва картон, пластмасса ва ундан ясалган буюмлар, учиш аппаратлари ва б. етказиб берилади ва турли хизматлар кўрсатилади. Енгил саноат, пахта ва унинг чиқитларини қайта ишлаш, тиббиёт ва фармацевтика препаратлари и. ч., қ. х. маҳсулотларини қайта ишлаш, юк ва йўловчи ташиш, автосервис, илмий ишланмалар, савдо-сотиқ ва б. соҳаларда бир нечта қўшма корхона фаолият юритаётир. ЎзР Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ҳузурида Германиянинг 40 та фирма ва компанияси ваколатхоналари расмийлаштирилган. Улар қаторида «Даймлер Бенц», «Сименс», «Алкатель», «Тиссен», «Люфтганза», «БАСФ», «Саламандер» каби жаҳонга машҳур фирмалар бор.

«Ландтехник-Ташкент», «Чирком», «УзВинклер», «Грассо», «ТашВирт», «Интермед Экосан», «Намбум» ва б. қўшма корхоналар қ. х. ускуналари тайёрлаш, қ. х. машиналари ва йўл техникалари, телефон тармокларига хизмат кўрсатиш, новвойчилик ускуналарини олиб келиш ва уларни монтаж қилиш, тиббий дориларни етказиб бериш, гўшт-ёғ маҳсулотлари ва қоғоз ишлаб чиқариш билан машғул.

Ўзбекистон — Г. муносабатларида Тошкент ва Берлин ш. лари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Икки давлат пойтахтларининг ҳамкорлиги фақат иқтисодий соҳани эмас, ижтимоий-маданий соҳаларни ҳам кенг қамраб олган. Германия пойтахти Бонндан Берлинга кўчирилгач, 2001 й. 3 апр. да Берлинда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очидди. Унда ЎзР Президенти И. Каримов қатнашди.

Икки томонлама муносабатларда маданият, санъат, фан, халқ таълими, оммавий ахборот воситалари, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам катта аҳамиятга эга. Германияда Ўзбекистан маданияти кунлари доирасида Берлин, Потсдам, Дортмунд, Бонн, Штутгарт, Гамбург, Мюнхен, Ганновер, Висбаден ш. ларида Ўзбекистоннинг мусика, тасвирий ва театр санъати кенг намойиш этилганлиги бунинг ёрқин мисолидир. Мамлакатимиз театр ва кино усталари Тюбинг, Берлин, Котбус, Манхайм, Мюльхаймда ўтказилган фестивалларда ҳам фаол иштирок этишди. Ўз навбатида республикамизда ҳам Германия маданияти кунлари муваффақиятли ўтди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ривожига К. Аденауэр, Ф. Эберт жамғармалари, Гёте номидаги ин-т, Германия олий ўқув юртлари, ун-тлари ректорлари конференцияси, «Дойче Велле» телекомпанияси. «Германия-Ўзбекистон» дўстлик жамияти, «ЭПОГ» Берлин жамоат маданий бирлашмаси катта ҳисса қўшмоқдалар.

Аденауэр жамғармаси кўмагида СантАугустин ш. да «Амир Темур ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни» мавзуида илмий конференция, «Орол экологик фожиасинннг миллий ва халқаро аспектлари» симпозиумлари ўтказилди. Журналистлар гуруҳи ва немис ижодий зиёлилари вакиллари ташаббуси билан Орол ҳақида ҳужжатли фильм олишга киришилди. Қорақалпоғистон болалар касалхоналарига доридармонлар ва тиббиёт ускуналари учун маблағ йиғиш ташкил қилинди ва бу ҳудудда сув тозалаш иншоотларини яратиш учун маблағ тўпланди.

Ўзбекистан Миллий ун-ти ва Самарқанд ун-тининг Гумбольдт номидаги ҳамда Бамберг ва Гёттинген ш. ларидаги унтлар билан ҳамкорлиги самарали ривожланаётир. ЎзР да немис миллатига мансуб 25 мингга яқин киши яшайди.

Loading...