ГЕРОДОТ

ГЕРОДОТ (юн. Herodotos) (мил. ав. 490 ва 480 й. ораси, Кичик Осиёнинг жан.-ғарбидаги Галикарнас — мил. ав. тахм. 425, Афина ёхуд Фурия, Жан. Италия) —«тарих отаси» деб ном олган юнон тарихчиси. Ёшлигида мустабид ҳокимият (тирания)га қарши фаол курашган ва Галикарнасда шундай ҳокимият ўрнатилгач, ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Бир неча вақт Самос о. да яшаган. Мил. ав. тахм. 455—447 й. ларда бутун Кичик Осиё, Миср, Бобил, Финикия, Кирена, Юнонистоннинг Болқондаги шаҳарлари. Қора денгиз соҳиллари бўйлаб (Ольвия ш. гача) саёҳат қилиб, скифлар ҳақида маълумот тўплаган. Узоқ муддат Афинада яшаган; Г. нинг Афина демократиясининг йўлбошчиси Периклта яқинлиги унинг сиёсий қарашларига кучли таъсир қилган. Геродот тахм. 443 й. Афинадан Фурияга кўчиб ўтган.

Геродотнинг асари шартли равишда «Тарих» деб ном олган бўлиб, юнонлар тарихининг энг муҳим сиёсий воқеаси — юнонфорс урушлари (мил. ав. 500—449 й. лар) га бағишланган. Кейинчалик александриялик олимлар Геродот асарини музалар сонига караб 9 китобга ажратганлар, ҳар бир китоб музалардан бирининг номи билан аталган. Геродот «Тарих»ининг асосий ғоясини юнон дунёсининг шарқдунёси билан кураши ташкил қилади. Г. Лидия, Мидия. Ахоманийлар давлати тарихи, табиий шароити ва мураккаб ҳаёти, аҳолисининг ўтмиши, дини, ўзига хос урф-одатлари ҳамда маданий ёдгорликларини усталик б-н баён этиб, тарихий воқеаларни кенг тахлил қилган. Асарнинг 5-китобида Геродот ўзининг асосий мақсади — юнон-форс урушлари тарихини баён қилишга киришган. Антик адабиётда биринчи бўлиб скифларнинг ҳаёти ва турмуш тарзлари Геродот асарида тадрижий суратда баён этилган. Хусусан Г. Ўрта Осиёда яшаган массагетлар ҳақида батафсил маълумотлар келтириб, массагетлар маликаси Тўмариснинг ахоманийлар подшоси Кир II билан бўлган жангини юксак маҳорат билан баён қилган.

Ас: Рус. пер. — История в девяти книгах, Л., 1972.

Фахриддин Ҳасанов.

Loading...