ГЕРШВИН

ГЕРШВИН (Gershwin) Жорж (1898.26.9, Нью-Йорк – 1937.11.7, Беверли-Хилс, Калифорния) — америка композитори ва пианиночи. Миллий опера асосчиси, симфоник жаз услубининг намояндаси. 25 ёшида эстрада мусиқаси (жаз қўшиқлари, мьюзикл, ревю) устаси сифатида бутун Америка ва Европада танилган. Кейинчалик симфоник ва концерт мусиқаси, опера жанрига мурожаат этиб, ўзига хос услуб яратган. Унда жаз, америка фольклори (блюз, регтайм, спиричуэл), мусиқий эстрада оҳанглари билан Европа композиторлик ижодиёти шакллари уйғунлашган. 300 га яқин қўшиқ, бир нечта мьюзикл, концерт, симфоник ва фортепиано асарлари, кинофильмларга мусиқалар ёзган. «Блюз услубида рапсодия»си (1924), «Порги ва Бесс» операси (1935) машҳур бўлиб, иккаласи ҳам Ўзбекистонда ижро этилмоқда.

Loading...