ГЕРЦ

ГЕРЦ, Херц (Hertz) Генрих Рудольф (1857.22.2, Гамбург – 1894.1.1, Бонн) — немис физиги. Электродинамика масалалари билан шуғулланган, биринчи бўлиб электромагнит тўлқинларни кашф этиб (1888), уларнинг хоссасини текширган. Электромагнит тўлқинлар ва ёруғлик нурларининг ўзаро ўхшашликларини исбот килган, вибратор назариясини ишлаб чиққан. Герц тажрибалари Ж. Максвелл электромагнит майдон назариясини амалда исбот қилди ва уларнинг амалда қўлланишини бошлаб берди. У ёруғликнинг электр разрядига бўлган таъсирини пайқади ва шу билан фотоэлектр ҳодисаси устида текширишлар олиб борилишига сабаб бўлди. Герцнинг назарий ишлари ҳаракат қилувчи жисмлар электродинамикасидан, Максвелл тенгламаларини тажрибада текшириш ва куч тушунчасини эътиборга олмайдиган механикани тузишдан иборат.

Loading...