ГЕРЦИН БУРМАЛАНИШИ

ГЕРЦИН БУРМАЛАНИШИ (Варис, Варисций бурмаланиши) — палеозой эраси иккинчи ярми (девон охири — триас боши)да содир бўлган жараёнлар мажмуи. Бу даврда пўсти Ер тарихида энг кучли деформациялардан бирига учраган. Палеозой геосинклиналларида жадал бурмаланиш, тоғ ҳосил бўлиши ва гранитоидли интрузив магматизм намоён бўлган ва натижада бурмали тоғ системалари — герцинидлар (Герцин Европаси деб аталмиш Ғарбий Европа, Урал, Тяньшан, Олтой, Куньлун ва б. бурмаланган тоғ системалари) вужудга келган. Герцин бурмаланиши асосан ордовиксилурда ва девоннинг бошида, унга нисбатан қадимроқ бўлган бай кал асосида вужудга келган денгиз чўкиндилари, вулкан жинсларининг қалин қатлами билан тўлган. Варисций, варис бурмаланиши терминини немис олими Э. Зюсс фанга киритган. Герцин бурмаланиши икки даврни ўз ичига олади.

Герцин бурмаланишининг биринчи даври — бретон (Америкада — акад) (девон охири — карбоннинг бошланиши) — Аппалачи тоғларида, Канада Арктика архипелагида, Анд тоғлари, Марказий Осиё (Куньлун) ва Ғарбий Европада палеозой геосинклиналининг марказий қисмида намоён бўлган. Герцин бурмаланиши асосий даври — судет (илк карбон охири — ўрта карбон бошланиши) — Европа герцинидларининг бурмали структураларининг ҳосил бўлишида, палеозой даври геосинклиналларининг бурмаланган тоғ системаларига айланишида муҳим роль ўйнаган. Герцин бурмаланишидан кейин илк бор Ғарбий, Марказий ва Жан. Европа, Шим.-Ғарбий Африка (Марокаш Месетаси), Шим. Кавказ ва Кавказолди, Урал, Тяньшан, Олтой, Монголия, Катта Хинган, Аппалачи ва Уошито тоғлари, Канада, Австралия Альп тоғлари ва б. тоғ тизмалари ҳосил бўлган.

Шим. Америка Кордильера тоғларида Герцин бурмаланиши бир қанча ички кўтарилмаларни ҳосил калган Герцин тоғ ҳосил бўлиш жараёни, шунингдек Европанинг шим.ғарби, Марказий Крзоғистон, Олтой-Саян бурмали областининг шарқий қисми ва б. жойлардаги каледон бурмали областларига ҳам тарқалган. Ўрта денгиз минтақаси (Динаридлар — Элленидлар, Анадолу тоғликлари, Кавказ ва Ҳиндуқуш тоғларининг жан. ён бағрилари ва Марказий Помир) да Герцин бурмаланиши тугай бошлайди, аммо шу минтақанинг Ғарбий ва Жан.Шарқий Осиё қисмида Ҳимолай тоғлари, Мьянма, Малакка я. о. гача бўлган жойларда Герцин бурмаланиши бир оз кўтарилмалар, чўкинди тўпланиш жараёнида эса танаффусли узилишлар холида бўлган.

Герцин бурмаланиши даги гранит ҳосил бўлиш қўрғошин, pyx, мис, қалай, вольфрам, олтин, кумуш, уран, руда конларининг Европа, Осиё (Тяньшан ва б.), Шарқий Австралияда таркиб топишига сабаб бўлган. Герцинидларнинг тоғ олди ва тоғликлараро букилмаларида йирик тошкўмир ҳавзалари [Жан. Уэльс, Франк-Бельгия, Украина (Донецк), РФ (Печора, Кузнецк)], шунингдек тош ва калий тузлари конлари (Урал олди букилмаси) бор.