ГЕШТАЛЬТПСИХОЛОГИЯ

ГЕШТАЛЬТПСИХОЛОГИЯ (нем. Gestalt — шакл, образ, қиёфа, ташқи кўриниш ва психология) — психологиядаги оқимлардан бири. 20-а. нинг 20 — 30-й. ларида Германияда юзага келган. Гештальтпсихология фон Эренфельснинг яхлитлик идрокнинг асосий сифати деб ҳисоблайдиган таълимотига асосланади. Ассоциатив психологияга (қ. Ассоциация) зид равишда Гештальтпсихология психиканинг бирламчи ва асосий элементи сифатида сезгиларни эмас, балки яхлит образлар — гештальтларни тан олади. Гештальтпсихология тарафдорлари (М. Вертхеймер, В. Кёлер, К. Коффка, К. Левин ва б.) психика моҳиятини идрокнинг ўзига хослиги, яхлитлик билан изохлайдилар. Гештальтпсихология намояндалари асарларида идрокнинг шаклланишида тажрибанинг ўрни ўрганилмаган ва бунга эътибор ҳам берилмаган. Улар нуқтаи назарига кўра, гештальтлар (образлар) гўё одам миясидаги электрик жараёнлар туфайли юзага келади. 20-а. нинг 40-й. ларида В. Кёлер миядаги электр майдонлари ўзаро муносабатлари хусусидаги фикрни мия қисмлари электр зарядлари билан тўйиниши ҳақидаги ғоялар билан тўлдирди. Бу электр зарядлар миянинг у ёки бу қисмида узоқ вақтли қўзғалишларни юзага келтиради. Уларнинг мия бир қисмидан камроқ тўлдирилган бошқа қисмига ўтиши айрим иллюзияларни ва идрок хусусиятларини пайдо қилади.

Гештальтпсихологларнинг экспериментал методикаси ва улар орқали олинган маълумотлар идрок ва тафаккур психологиясини маълум даражада бойитди.

Prev Article

ГЕТТО

Next Article

ГЁТИТ