ГЕТЕРОЗИС

ГЕТЕРОЗИС (юн. heteroisis — ўзгариш, фарқланиш) — дурагай қувватининг намоён бўлиши, яъни дурагайлар кўрсаткичининг ота-онанинг ўртача кўрсаткичлари ёки ота-онадан бирининг яхши кўрсаткичларига нисбатан устун келиш ҳодисаси. «Гетерозис» терминини фанга америкалик генетик Г. Шелл киритган (1914). Гетерозис қариндош бўлмаган шаклларни; ҳар хил линия, зот (нав) ва ҳамма турларни ўзаро чатиштиришдан олинган биринчи авлод дурагайлари учун хос. Кейинги авлодларда (дурагайлар ўзаро чатиштирилганда) унинг самараси сусаяди ва йўқолади.

Гетерозис ғўзада вегетатив органларнинг кучли ривожланиш (соматик Гетерозис), уруғ маҳсулдорлиги (репродуктив Гетерозис), шунингдек полимер генлар бошқарадиган миқдорий тартибдаги қимматли хўжалик белгилари бўйича кузатилади.

Гетерозис ижобий ва салбий бўлиши мумкин. Ижобий Гетерозисда биринчи авлод дурагайи — F, кўрсаткичлари ота-онанинг ҳар иккисиникидан ҳам устун, салбий F, да эса пастроқ бўлади. Турлараро дурагайлашнинг энг яхши комбинацияларида биринчи авлоддаги Гетерозис 50—100% га етади. Тетраплоид турларнинг тур ичидаги дурагайларида Гетерозис сустроқ бўлиб, 30—40%ни ташкил этади.

Маккажўхорининг оддий ва қўш линиялараро дурагайлари умумий дон ҳосилини 20—30% оширишга имкон беради. Гетерозиснинг генетик асоси — ген ичидаги, генлараро ўзаро таъсир муносабатларига асосланган. Гетерозиснинг асосида ётувчи гетерозиготаликнинг аҳамиятини исботловчи далиллардан бири табиий популяциялардаги индивидларнинг кўп сондаги генлар бўйича гетерозиготалигидир. Қ. х. да маккажўхори, помидор, пиёз, бодринг, тарвуз, беда ва б. экинларнинг дурагай уруғларини етиштириш усуллари ишлаб чиқилган. Чорвачиликда Гетерозис ҳодисаси дурагайлаш, зотлараро ва зот ичида чатиштиришда кузатилади ва қ. х. ҳайвонлари маҳсулдорлигини оширишни таъминлайди.

Шарифжон Тўрабеков.

Loading...