ГЕЙНЕ

ГЕЙНЕ (Heine) Генрих (1797.13.12, Дюссельдорф — 1856.17.2, Париж) — немис шоири, публицист, танқидчи ва мутафаккир. Бонн, Гёттинген, Берлин ун-тларида ўқиган (1819—25). Биринчи шеърий тўплами «Қўшиқлар китоби» (1827) романтизм руҳида ёзилган бўлиб, унда немислар ҳаётидаги мешчанлик, худбинлик қораланади. Кейинги «Йўл манзаралари» (1826-31) насрий асарида ҳам шу йўналишни давом эттириб, инсон эрки, шахсини хўрловчи тартибларга қарши чиқади, бу тартибларни ҳимоя қилувчи кучларни, давлат идораларини танқид қилади. Шундан сўнг Г. Германиянинг ҳукмрон доиралари билан келиша олмай, 1831 й. да Парижга кетишга мажбур бўлади ва у ерда умрининг охиригача сиёсий маҳбус сифатида яшаб қолади. «Француз ишлари» (1832), «Лютеция» (1854) китоблари француз сиёсий ҳаётининг йилномасидан иборат. 1843 — 44 й. ларда ёзилган «Замонавий шеърлар», шунингдек «Атта Тролль» (1842), «Германия. Қиш эртаги» (1844) поэмалари ўз даврининг илғор асарларидандир. «Атта Тролль» мажозий достон бўлиб, «ҳайвонлар эпоси» тарзида ёзилган, ўткир ҳажвий йўналишга эга. Бунда Пиренея тоғларида яшовчи халқ сиймосида немис мешчанлари ва сохта инқилобчилар фош қилинган. «Германия» достонида эса оғир меҳнат билан яшаётган немис ишчиларининг образи тасвирланган. Шоирнинг ижодий фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган «Романсеро» (1851), «Эътироф» (1854) шеърий китоблари ҳам мавжуд. Гейненинг асарлари 20-й. ларда Чўлпон, 30-й. ларда Миртемир ва 1997 й. да Абдулла Шер таржимасида ўзбек тилида нашр этилган.

Ас: Лирик шеърлар, Т., 1940.