ГИББЕРЕЛЛИНЛАР

ГИББЕРЕЛЛИНЛАР — ўсимликларнинг ўсиш жараёнларини бошқарувчи табиий моддалар (фитогормонлар гуруҳи). Япон олими Е. Куросава 1926 й. да кашф этган. Кимёвий табиатига кўра таркибида 19 ёки 20 та углерод атоми тутган тетрациклик моно-, ди – ва три-карбон кислоталардир. 70 га яқин Гиббереллинлар маълум. Улар GA, GA ва ш. к. белгиланади. Гиббереллинлар оз миқцорда юксак ўсимликлар таркибида кўп тарқалган. Гиббереллинларни замбуруғлар, кўпгина бактериялар, сувўтлар ҳам синтез қилади. Одатда, ўсимлик тўқималарида унинг 1 кг оғирлигига нисбатан 0,01 дан 1,4 мг гача Гиббереллинлар бўлади. Энг фаол Гиббереллинлардан бири – гиббереллин кислота бир неча мамлакатларда микробиология саноатида ишлаб чиқарилади. Гиббереллинлар ҳужайраларнинг бўлиниши ва кенгайиши ҳисобига ўсимлик органлари ўсишини тезлаштиради, нуклеин кислоталар ва оқсиллар синтезини фаоллаштиради, гуллашни тезлаштиради, барг ва меваларнинг қаришини секинлаштиради. Уруғлик, туганаклар, пиёзчаларнинг тиним даврини қисқартиради. К-Хда уруғсиз узум навлари ҳосилдорлигини, зиғир ва каноп толаси узунлигини ошириш, уруг, туганак ва илдизпоялар униб чиқишини тезлаштириш мақсадларида қўлланилади. Mac, узумнинг Қора кишмиш навига гулдан тушгандан кейин, ғўралари мошдек бўлганда 50—100 мг/л концентрацияли Гиббереллинлар эритмаси билан ишлов берилганда (узум боши эритмага ботириб олинади ёки токзорларга пуркалади) ҳосилдорлик 25—50% ортади. Одам ва ҳайвонлар учун зарарсиз.

Абдукарим Зикирёев.