ГИБРАЛТАР БЎҒОЗИ — Пиренеи я. о. нинг жанубий чеккаси (Европа) билан Африканинг шим.-ғарбий учи ўртасидаги бўғоз. Атлантика океанини Ўрта денгиз билан бирлаштириб туради. Уз. 65 км, эни 14—44 км, чуқ. 1181 м гача, энг саёз жойи фарватерида 53 м. Шим. да Гибралтар қояси, жан. да юнон афсоналарига кўра, Геракл (Геркулес) ўрнатган Геркулес устунлари деб номланувчи Жабал-Мусо тоғи бор. Сувнинг остки қисми (ўртача т-раси 13,5°, шўрлиги 33%о) Атлантика океанига, устки қисми (ўртача т-раси 17°, шўрлиги 36%о) Ўрта денгизга окади. Гибралтар бўғози қулай географик ўрин эгаллаганлиги учун иқтисодий ва стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Шим. да Альхесирас ва жан. да Танжер порти бор. Гибралтар бўғозига кираверишда Буюк Британия мулки — Гибралтар жойлашган.