Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

ГИДРАВЛИКА

ГИДРАВЛИКА (гидро… ва юн. aulos — найча) — суюқликларнинг мувозанат ва ҳаракат шартлари қонунларини ўрганиш ва шу қонунлардан фойдаланиб, гидротехниканинг амалий масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланадиган фан. Гидротехника иншоотлари, гидравлик машиналар, ерни қуритиш ва суғориш, гидроэнергетика, гидромеханизация, сув билан таъминлаш ва канализация каби муҳандислик масалалари билан шуғулланади (илгари Гидравликанинг асосий вазифаси сувнинг қувурлардаги ҳаракатини ўрганиш бўлган). Гидравлика гидростатика ва гидродинамикага бўлинади. Гидростатика суюқпикларнинг мувозанат шартларини ва улар билан туташган қаттиқ жисмларга таъсирини, гидродинамика эса суюқликларнинг ҳаракат қонунларини ва улар билан туташган қаттиқ жисмларнинг ўзаро таъсирини ўрганади. Гидравлика назарий механикага асосланган. У 17-а. охири ва 18-а. бошларида мустақил фан сифатида ривожлана бошлади. Бу соҳада И. Ньютон, Д. Бернулли, М. В. Ломоносов, Л. Эйлерннпт хизмати катта. Рус олими Н. Е. Жуковский 1899 й. да дунёга машҳур гидравлик зарба назариясини кашф этди. Гидравликанинг асосий бўлимларидан бири фильтрлаш назариясини яратди. Техника ва табиатда кўп учрайдиган аралашмалар (суюқлик, газ ва қаттиқ жисм заррачалари аралашмалари) гидравликаси айниқса ривожланди. Бу соҳага рус олими Ф. И. Франкель ва ўзбек олими X. А. Рахматулинлар асос солди. Кўп фазали аралашмалар гидравликаси соҳасида Тошкент илмий мактаби бунёдга келди. Ўзбек олими Ж. Ф. Файзуллаев қувурларда ҳаракатланувчи аралашмалар масалалари б-н шуғулланди, аралашмалар ҳаракатига оид бир қанча масалаларни назарий ва амалий жиҳатдан ҳал қидди. Фанга Рахматулин-Файзуллаев модели тушунчаси киритилди. Умуман сув механикаси масалаларини ҳал қилиш билан Гидравликадан ташқари гидромеханика ҳам шуғулланади. Гидромеханика, асосан, қагьий математик усулларга асосланган бўлиб, аниқ математик ечим олиш учун оқим ҳаракати ва турини, ҳатто суюқликларнинг физик хоссаларини ҳам соддалаштириб қарайди. Гидравлика назарий механика қонунларига ва тажрибадан олинган содда формулаларга амал қилиб, техника масалаларини аниқ ҳал қилишга интилади.