ГИДРОАЭРОМЕХАНИКА

ГИДРОАЭРОМЕХАНИКА (гидро…, аэро… ва механика) — механиканинг суюқ ва газеимон муҳитлар мувозанати ва ҳаракатини, уларнинг бирбирига ва қаттиқ жисмларга таъсирини ўрганиш билан шуғулланадиган бўлими. Гидроаэромеханика кундалик ҳаёт эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланди. Гидротехника қурилмалари (каналлар, қудуқлар), сувда сузиш воситалари (сол, қайиқ) қадим замонлардан маълум. Гидроаэромеханикага асос солган Архимед гидростатика қонунларини кашф қилган, суюқликлар мувозанати назариясини яратган. Кейинчалик, Леонардо да Винчи жисмларнинг суюқпик ва газлардаги ҳаракатини ўрганган, қушларнинг учишини кузатиб, муҳит қаршилиги мавжудлигини кашф қилган. Б. Паскаль суюқликнинг исталган нуқтасида босим кучи ҳамма йўналишда бир хил бўлишини аниқлаган. И. Ньютон Г. қонун ва тенгламаларини назарий исботлаб берган. Назарий Гидроаэромеханика асосчилари Л. Эйлер. Д. Бернулли Г. ни механиканинг қонунларига татбиқ қилишган. 19-а. бошида Гидроаэромеханикада қовушоқ суюқликлар ҳаракати ўрганилди, у гидравлика, гидротехника ва машинасозликнинг тез ривожланишига туртки бўлди. Қовушоқлик кучи ҳар қандай ҳаракатга қаршилик қилишини тажриба кўрсатди.

19-а. охирида Гидроаэромеханиканинг яна бир йўналиши — сиқилувчан муҳитлар оқишини ўрганиш ривожланди. Барча суюқликлар амалда сиқилмайди, аксинча, газлар ҳажмини (яъни зичлигини, босим т-расини ошириб) осонгина ўзгартирса бўлади; Г. нинг сиқилувчан муҳитлар ҳаракатини ўрганадиган бўлими газ динамикаси дейилади. Авиация ва ракета техникасининг ривожланиши, ЭҲМ, компьютернинг пайдо бўлиши муносабати билан аэродинамика ва газ динамикаси ҳам ривожланди. Гидроаэромеханиканинг сиқилмайдиган суюқликлар ҳаракати мувозанатини ўрганадиган бўлими гидромеханика, иқлим ва обҳавони ўрганадиган бўлимидинамик метеорология дейилади. Гидроаэромеханика мат., физика ва кимё фанлари билан узвий боғланган. Гидроаэромеханика усуллари ва тавсиялари авиация, гидромашинасозлик, кемасозлик, саноат аэродинамикаси, қурилиш, қ. ҳ. соҳаларида кенг қўлланилади.

Loading...