ГИДРОДИНАМИКА (гидро… ва динамика) — механиканинг сиқилмайдиган суюқликлар ҳаракати ва уларнинг қаттиқ жисмлар билан ўзаро таъсирини ўрганадиган бўлими. Гидродинамика суюқликлар ва газлар механикасининг энг ривожланган қисми бўлиб, газ динамикасита оид масалалар ҳам шу бўлимда ўрганилади. Суюқликларнинг назарий моделини тузиш асосида ётувчи физик хоссалари каторига уларнинг узлуксизлиги ёки туташлиги, яъни суюқликни тавсифловчи физик кўрсаткичларнинг фазода узлуксиз тақсимланиши, енгил ҳаракатланиши ёки оқувчанлиги киради. Гидродинамика назариясида туташлик ва оқувчанликка, шунингдек суюклик ичидаги ишқаланишни тавсифловчи қовушоқликка эга бўлган суюқлик ҳаракатини тавсифлаш учун узлуксизлик тенгламаси ва Навье-Стокс тенгламасидан фойдаланилади. Ушбу тенгламалар суюқликнинг элементар ҳажмига масса ва ҳаракат миқдорининг сақланиш қонунларини татбиқ қилиш натижасидир. Уларни умумий ҳолда ечиш анча мураккаб бўлиб, айрим хусусий ҳолларда ва ушбу соддалаштирувчи тахминлардагина ечим охи рига етказилиши мумкин: қовушоқлик мавжуд эмас (идеал суюқлик) — бу ҳол гидродинамиканинг Эйлер тенгламаларига олиб келади; кичик қовушоқлик ҳоли (ҳаво, сув), уюрмасиз ёки потенциал оқим; турғунлашган, ясси ўқавий симметрик бир ўлчамли ҳаракат. Суюқлик айрим элементар ҳажмларининг жадал аралашуви билан ифодаланувчи турбулент ҳаракат ҳолида вақт бўйича «ўртачалашган» суюқлик модели ишлатилади. Гидродинамика тенгламаларининг ушбу ҳоллар ва б. ҳолларда ечишда ўхшашлик мезонларидан фойдаланувчи ўхшашлик назариясига асосланган гидродинамик тажрибалардан фойдаланилади.
Гидродинамика таркибига фильтрланиш назарияси, суюқликнинг тўлқин ҳаракатлари назарияси, уюрмалар назарияси, кавитация назарияси, глиссирлаш назарияси киради. Гидродинамика усуллари воситасида гидравлика, гидрология ва гидротехника масалаларини ҳал қилиш ҳамда гидротурбиналар, насослар, қувурўтказгичлар (трубопроводлар) ва б. ни муваффақиятли ҳисоблаш мумкин, улардан самолётлар ва кемаларни лойиҳалашда фойдаланилади.