
ГИДРОГЕОЛОГИК ҚИДИРУВ ВА РАЗВЕДКА
ГИДРОГЕОЛОГИК ҚИДИРУВ ВА РАЗВЕДКА — ер ости сувларининг ҳосил бўлиш шароитлари, сифати, захираси ва тақсимланишини аниқлаш мақсадида бажариладиган ишлар мажмуаси. Гидрогеологик қидирув ва разведка ва р. ер ости сувлари ҳақидаги маълумотларни харитага тушириш билан боғлиқ бўлиб, йўналишли қидирув, бурғилаш, геофизика, аэро ва космик усуллар ҳамда лаб. ишларини ўз ичига олади. Гидрогеологик қидирув ва разведка ва р. натижасида ер ости сувларининг табиати, пайдо бўлиш шароитлари, ҳаракати, тарқалиши ва уларнинг табиий ресурслари ўрганилади. Ер ости сувлари бор қатламларнинг сув ўтказувчанлиги, чуқурлиги, босими, кимёвий таркиби ва йил давомида бўладиган миқдор ва сифат ўзгаришлари аниқланади. Гидрогеологик қидирув ва разведка ва р. ишлари турли масштабда (1:500 000, 1:200 000, 1:100 000 1:50 000 ва б.) олиб борилади. ЎзР худудининг гидрогеологик харитаси 1:200 000 масштабда, суғориладиган майдонлар харитаси 1:50 000 масштабда тузилган.
Гидрогеологик қидирув ва разведка ва р. лойиҳалаш ишлари ўтказиш учун тўлиқ маълумот тўплаш мақсадида олиб борилади ва дастлабки ҳамда муфассал разведка босқичларига ажратилади.
Дастлабки разведка босқичида ер ости сув конларининг геологик, гидрологик шароитлари, улардан фойдаланиш, захираларининг ҳосил бўлиш жараёнлари ва қонуниятлари ўрганилади, гидрогеологик параметрлар тажриба йўли билан аниқланади. Сув чиқариб олиш иншоотларини қуриш лойиҳалари ва бурғи қудуқларининг тузилиши асослаб берилади. Яна бу босқичда аниқ маълумотлар борасида ўрганилаётган майдоннинг гидрогеологик модели тузилиб, саноат миқёсида ўзлаштириш учун тайёрланган жойнинг В ва С тоифали захиралари аниқланади. Ер ости суви конларини ишлатиш давомида табиий муҳитга таъсир этиши баҳоланади ва санитария муҳофазаси ҳудудлари аниқланади.
Ишлатиш разведкаси дастлабки разведкада аниқланган ер ости сувлари тарқалган ҳудудни йирик (1:50000, 1:25000) масштабда гидрогеологик съёмка қилишдан бошланади. Бу босқичда ер ости сувларидан фойдаланиш қидирув ишлари натижасига мувофиқ тартибда олиб борилганлиги, ер ости сувлари захираларини саноат тоифаларига мослиги ва уларни ошириш имкониятлари асослаб берилади. Сув чиқариб олиш иншоотининг ишлаш тажрибасига асосланиб табиий ёки сув хўжалигидаги ўзгаришларни ер ости сув конлари захирасига миқдорий ёки сифат жиҳатидан таъсир этиши ўрганилади. Бундан ташқари кондан олинган маълумотлар асосида янги майдонларда ер ости суви захиралари аниқланади. Гидрогеологик қидирув ва разведка ва р. ер ости сувларидан халқ хўжалигининг барча соҳаларида фойдаланиш ва хом ашё (йод, бром, радий ва б.) базасини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.