ГИДРОГЕОЛОГИЯ

ГИДРОГЕОЛОГИЯ (гидро… ва геология) — ер ости сувлари ҳақидаги фан. Ер ости сувларининг таркиби, хоссаси, келиб чиқиши, ҳаракати қонуниятлари ва тарқалишини, хўжаликка фойдаси ва зарарини ўрганади, улардан фойдаланиш йўлларини аниқлайди, техник тадбирларни ишлаб чиқади. Ер ости сувларини қидириш, миқдори ва истеъмол учун яроқлилигини аниқлаш, суғориш, саноат корхоналари эҳтиёжларини қондиришда улардан фойдаланиш, мелиорация, ботқоқ ерларни қуритиш ва ҳар хил муҳандислик иншоотларини қуриш каби амалий масалаларни ҳам ҳал этади. Гидрогеология гидрология, геология (шу жумладан муҳандислик геологияси), гидравлика, геофизика, геокимё, гидрокимё, иқлимшунослик, метеорология, тупроқшунослик каби фан соҳалари билан чамбарчас боғланган; мат., физика, кимё фанлари маълумотларига асосланади, шу фанларнинг тадқиқот методларидан фойдаланади.

Ер ости сувлари ҳақидаги билимлар қадим замонлардан бошлаб тўпланиб келган. Шаҳарлар бунёдга келиши ва обикор деҳқончилик расм бўлиши билан Гидрогеология тез ривожланди. Милоддан 2—3 минг йил аввал ҳоз. Ўрта Осиё ва Озарбайжон, Миср, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакатлар ҳудудида 100 м гача чуқур қудуқлардан сув олинганлиги маълум. Ўша даврдаёқ одамлар минерал сувлар билан даволанган.. Берунийнинг «Отилиб чиқаётган сувларнинг табиати тўғрисида» рисоласи Гидрогеологияга оид дастлабки илмий асар ҳисобланади. Асарда Устюрт, Султонсанжар, Сариқамиш, Султон Увайсдаги булоқлардан чиқаётган сувларнинг табиати тўғрисида маълумот берилган. Уйғониш даврида ер ости сувлари билан Ғарбий европалик олимларидан Агрикола, Палисси, Стено ва б. шуғулландилар. 19-а. охири — 20-а. нинг бошларида грунт сувларининг тарқалиш қонуниятлари аниқланди. 19-а. нинг ўрталаригача Гидрогеология геологиянинг таркибий қисми бўлиб ривожланди, кейинроқ алоҳида фан бўлиб ажралди. Гидрогеологиянинг ривожланишига французлардан Л. Дарси, Ж. Дюпюи, немис олимларидан Э. Принц, К. Кейльхак, X. Хафёр, америкалик олимлардан А. Хазен, О. Майнцер, А. Лейн, рус геологларидан С. П. Никитин, И. В. Мушкетов ва б., 20-а. нинг 20-й. ларидан В. П. Саваренский ва О. Конге салмоқли ҳисса қўшдилар. 1925 й. да Ўрта Осиё давлат ун-тида Ўрта Осиёда ягона Гидрогеология кафедраси ташкил этилди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳудудларида гидрогеологик тадқиқот ишлари олиб борилди. 1930 й. да кафедра қошида ер ости сувлари бюроси ва бу бюро асосида 1931 й. да Ўзбекистан ер ости сувлари ин-ти ташкил қилинди. Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон ҳудудида кенг миқёсда гидрогеологик тадқиқотлар ўтказилди ва Ўзбекистан ҳудудининг биринчи гидрогеологик харитаси тузилди. 1934 й. да Ер ости сувлари ин-ти Узбекистоннинг ягона гидрометеорологик хизмати таркибига қўшилди.

1957 й. да Ўзбекистонда Гидрогеология трести ташкил этилди. Кейинги йилларда бир неча гидрогеологик муассасалар барпо этилди. 1960 й. да Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти ташкил қилинди. 1960—63 й. ларда Гидрогеологиянинг мелиоратив гидрокимё, грунт сувлари режими ва баланси, регионал ер ости сувларининг ресурслари, умумий Гидрогеология соҳаси бўйича и. т. ишлари олиб борилди.

Гидрогеология комплекс тадкикртлар олиб борувчи фан бўлиб қуйидаги тармоқларни ўз ичига олади:Умумий Гидрогеология — ер ости сувларининг ҳосил бўлиши, уларнинг физик ва кимёвий хоссалари ва тоғ жинслари билан ўзаро алоқасини ўрганади. 20-а. нинг 30—40-й. ларида умумий Гидрогеологиянинг янги соҳаси палеогидрогеология (қад. геологик даврлардаги ер ости сувлари ҳақидаги таълимот) вужудга кедди; ер ости сувлари динамикаси — табиий ва сунъий омиллар таъсирида ер ости сувларининг ҳаракатини ўрганиб, миқдорини аниқлайди; ер ости сувлари тартиби ва баланси ҳақидаги таълимот ер ости сувларидаги ўзгаришлар (сатҳи, т-раси, кимёвий таркиби, ҳаракати)га оиддир; гидрокимё — ер ости сувлари кимёвий таркибининг вужудга келиш жараёнлари ва улардаги кимёвий элементларнинг миграция қонунларини ўрганади. 1950-й. ларда мустақил йўналиш олган радиогидрогеология — ер ости сувларида радиоактив элементларнинг миграциясини тадқиқ қилади (А. П. Виноградов, А. Н. Токарев, А. В. Шчербаков);минерал саноат сувлари ва термал сувлар тўғрисидаги таълимот — минерал сувларнинг пайдо бўлиши ва кимёвий таркибини аниқлайди, уларнинг асосий генетик турларини таснифлайди, минерал сувлар манбаини топиб, улардан фойдаланиш йўлларини ўрганади; ер ости сувларини қидириш ва разведка қилиш — суғориш ва сув билан таъминлашни ташкил қилиш, ер ости сувларини топиш борасида иш олиб боради; мелиоратив Гидрогеология — суғориладиган ва қуритиладиган ҳудудлардан қ. х. да рационал фойдаланиш мақсадида уларнинг гидрогеологик шароитларни яхшилаш методларини ишлаб чикади. Суғориш меъёрларини аниқлаш, қ. х. ни сув билан таъминлаш, ер ости сувлари тартибини башоратлаш, тупроқнинг шўрланишига қарши курашишда мелиоратив Гидрогеологиянинг аҳамияти катта.

Ўзбекистонда мелиоратив Гидрогеологиянинг тараққиётига М. А. Шмидт, О. К. Ланге, Н. Н. Ҳожибоев, М. М. Крилов, Қ. Ғ. Ғаниев ва б. муҳим ҳисса қўшдилар; фойдали қазилма конларининг Гидрогеологияси — ер ости сувларининг саноат аҳамиятини аниқлаш, ўрганиш, ўзлаштириш, ишга тушириш билан шуғулланади; регионал Гидрогеология — ер ости сувларининг турли табиий шароитларда тарқалиш қонуниятларини геологик структуралар билан боғлиқ ҳолда ўрганади. Регионал Гидрогеология геологик съемкага асосланади. Гидрогеология саноат сувларидан йод, бром, бор, стронций, литий, радий ва б. элементларни ажратиб олиш, термал ва ўта иссиқ сув конларини кидириш ва разведка қилиш, бу сувлардан шаҳар ҳамда аҳоли яшайдиган жойларни иситиш билан ҳам шуғулланади. Гидрогеологик тадқиқотларни Гидрогеология ва муҳандислик геологияси ин-ти, УзМУ, ТошТУ нинг Гидрогеология кафедралари олиб боради.

Loading...