
ГИДРОЛИЗ
ГИДРОЛИЗ (гидро… ва юн. lysis — ажралиш, парчаланиш) — моддалар б-н сув ўртасида ўзаро таъсир натижасида турли бирикмалар (кислота, асос ва б.) ҳосил бўлиши, жумладан (тузларда) ион алмашинув реакцияси. Гидролизни қўйидаги умумий тенглама билан кўрсатиш мумкин: А-В+Н-ОН «± А-Н+В-ОН, бу ерда А—В — гидролизланувчи модда (туз), А—Н (кислота). В—ОН (асос) — гидролиз маҳсулоти. Гидролиз анорганик ва органик бирикмаларда кўп тарқалган муҳим жараёндир. Гидролиз тузлар, углеводлар, оқсиллар, эфирлар, ёғлар ва б. турли синфга мансуб бирикмаларда учрайди.
Тузлар гидролизланиши массалар таъсири қонунига бўйсунади. Кўпчилик ҳолларда тузлар гидролизи қайтар реакциядир. Гидролиз натижасида эримайдиган ёки енгил учувчан модда ҳосил бўлса, реакция туз бутунлай парчалангунча давом этади. Кучсиз кислота билан кучли асосдан таркиб топган тузлар гидролизланганда эритма ишқорий муҳитли бўлади: CH,COONa+HOH# <± CH,COOH+Na++OHКучсиз асос билан кучли кислотадан таркиб топган тузлар гидролизланганда эса эритма кислота муҳитли бўлади: NH4C1+HOH <± NH4OH+H+C1.
Кучсиз кислота ва кучсиз асосдан таркиб топган тузлар тўла Гидролизга учрайди: A12S3+6H2O=2A1(OH)3+3H2ST 2Ar+3S2-+6H2O=2Al(OH)3+3H2St.
Кучли кислота ва кучли асосдан таркиб топган тузлар Гидролизга учрамайди, уларнинг сувдаги эритмалари нейтрал бўлади. Муҳитнинг кислотали ё ишқорли бўлишини таъминлайдиган буфер эритмалар Г. туфайли мавжуд бўла олади. Бундай эритмаларнинг физиологик аҳамияти ҳам жуда муҳим — организмнинг нормал ҳаёт фаолияти учун Н+ ионлари доим бирдай концентрацияда бўлиши зарур. Ер пўстининг бир қанча геологик ўзгаришлари, минераллар ҳосил бўлиши ва тупроқнинг шаклланиши тузларнинг гидролизланишига боғлиқ.
Тузларнинг гидролизланиши кимё саноатидаги кўпгина муҳим жараёнларга асос бўлиб хизмат қилади. Органик бирикмаларнинг гидролизланиши — уларнинг сув таъсирида парчаланиб икки ёки ундан ортиқ модда ҳосил қилиши демакдир. Органик моддалар аксари кислота ёки ишқорлар иштирокида гидролизланади. Яна қ. Гидролиз саноати.