ГИДРОЛОГИК СТАНЦИЯ

ГИДРОЛОГИК СТАНЦИЯ — 1) дарё, кўл, сув омборлари гидрологик режимини Ўрганиш мақсадида гидрометеорология хизмати тасарруфида ташкил этиладиган и. ч. муассасаси. Гидрологик станция тегишли кузатиш қурилмалари ва асбоблари билан жиҳозланиб, махсус билим ва малакаларга эга бўлган кузатувчи ходимлар ва улар фаолият кўрсатишлари учун зарур бўлган бино билан таъминланади. Гидрологик станциялар ўзига қарашли ҳудуддаги сув манбалари (объектлари)нинг гидрологик режимини ўрганади, ўзига бириктирилган кичик Гидрологик станциялар ва кузатув манзилларига раҳбарлик қилади, сув режимининг элементлари ҳақида уларда тўпланган кузатиш маълумотларини қайта ишлайди ва умумлаштиради, маълум корхона ва муассасаларни сув манбаларининг гидрологик режими ҳақида тегишли маълумотлар б-н таъминлайди. Шунингдек, сув манбалари (асосан дарёлар)да бевосита сув сатҳи, сувнинг оқиш тезлиги, сув сарфи, лойқа оқизиқлар, т-ра ва гидрокимёвий таркиби каби элементларни ўлчаш ёки аниқлаш ишларини бажаради, кузатиш маълумотларини дастлабки қайта ишлаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади (яна қ. Гидрологик тармоқлар);

2) денгиз (кўл) нинг координаталари маълум бўлган бирор нуқтасидаги махсус кузатиш жойи. Унда кемадан туриб денгиз (кўл)нинг аҳволи, об-ҳаво, ҳар хил чуқурликда сувнинг шаффофлиги ва ранги, т-раси ва кимёвий таркиби, оқим йўналиши ҳамда тезлиги кузатилади ва ўрганилади.

Loading...