ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ХИЗМАТИ

ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ХИЗМАТИ — мамлакатда метеорология, иқлимшунослик, агрометеорология, гидрология, гелиофизика соҳаларида халқ хўжалиги учун аҳамиятли вазифаларни бажариш ҳамда и. т. ишлари билан шуғулланадиган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, марказлар, расадхоналар, лаб. лар, ст-ялар, кузатув манзилари тизими.

Туркистон ўлкаси ҳудудида Гидрометеорология хизмати шаклланиши 19-а. нинг 70-й. ларига тўғри келади. 1867 й. да Тошкент ш. да мунтазам метеорологик кузатишлар йўлга қўйилган. 1870 й. нинг март ойидан «Туркестанские ведомости» газетасида метеокузатиш маълумотлари ва об-ҳаво тўғрисидаги хабарлар эълон этила бошлади. 1873 й. да Тошкент Астрономия ва физика расадхонаси иш бошлади, тез орада у Туркистон ўлкаси метеорология хизматининг раҳбар марказига айланди. 1876 йилда «Тошкент» расадхона-метеостанцияси очилди. Ўзбекистан Гидрометеорология хизматининг расмий ташкил этилган санаси —1921 й. 7 май ҳисобланади. Шу куни ҳар хил идоралар таркибидаги кўп сонли метеостанциялар янги ташкил этилган хизмат — Туркистон метерология ин-ти («Туркмет»)га бирлаштирилди. 1929 й. да Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология бошқармаси таъсис этилди. Хизмат 1931 й. дан бошлаб табиий муҳит ҳолати устидан кузатишлар ва гидрометеорологик прогнозларнинг ҳамма турларини бирлаштирувчи яхлит ташкилот тарзида фаолият кўрсатмоқда. Жаҳон об-ҳаво хизмати тизими доирасида 1967 й. дан Тошкентда метеорологик ахборотлар тўпланади, об-ҳаво хариталари ва прогнозлари тузилади ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари ва Россиянинг Осиё қисмига тарқатилади. Республика Г. х. 1967 й. дан Ернинг сунъий йўлдошларидан ахборотларни фотосуратлар кўринишида қабул қилиб, амалий ишлар. учун таҳлил қилади. 1972 й. дан табиий муҳит ифлосланишини мунтазам кузатиш ишлари олиб борилади.

Ўзбекистонда Гидрометеорология хизмати давлат бошқарув органлари ва иқтисодиёт тармокларини (сув хўжалиги ва энергетика, агросаноат мажмуаси, газ ва нефть саноати, автомобиль ва темир йўл транспорти, авиация, алоқа, қурилиш, коммунал хўжалик ва б.) табиий муҳит ҳолати ва иқлимнинг гидрометеорологик шароитлари ва кутилаётган ўзгаришлари, гидрометеорологик ҳодисалар ва атмосфера ифлосланишнинг юқори қийматлари туфайли вужудга келган фавқулодда ҳолатлар тўғрисидаги эксперт маълумотлари билан таъминлайди, офат ҳодисалардан келадиган зарарни камайтириш ёки олдини олиш учун гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир ўтказиш вазифаларини бажаради. Республика Гидрометеорология хизмати кунлик гидрометеорологик, экологик; декадалик агрометеорологик ва гидрологик; ойлик гидрокимёвий, гидробиологик бюллетенлар, ойлик атроф муҳитнинг ифлосланиши ҳолати тўғрисида ахборот; йиллик ер усти сувлари режими, ресурслари тўғрисида маълумотлар; агрометеорологик, ҳаво, ер усти сувлари, қуруқлик (ер) сифати ва тупроқнинг ифлосланиши йилномалари, гидроагрометеорология ва экология масалалари бўйича илмий мақолалар, тўпламлар, услубий қўлланмалар ва тавсиялар нашр қилади. Хизмат кўрсатилаётган вазирликлар, идоралар, трестлар, концернлар, ассоциациялар, фирмалар, саноат корхоналари сони 2 мингдан кўпроқ.

Гидрометеорология хизмати асосини кузатув тармоклари ташки л этади. Республикада 47 метеорологик, 10 гидрологик, 1 сув баланси, 5 кўл, 3 қоркўчки, 14 авиация метеорологик ст-ялари, 1 зонал авиамарказ, 1 баландлик матеомажмуа, 2 атроф муҳит мониторниги ст-яси, 87 агрометеорологик кузатиш пунктлари, вилоятларда қ. х. экинларини дўлдан ҳимоя қилиш хизмати (57 пунктга эга; дўлдан ҳимоя майдони 741 минг га) ишлайди (2001).

Ўзбекистон Республикаси миллий Гидрометеорология хизмати гидрометеорология, табиий муҳит ифлосланиши мониторинги, иқлим ўзгариши, чўлланиш, қурғоқчилик ва б. масалалар соҳасида фаол ва кўп қиррали халқаро илмий-техник фаолиятни амалга оширмоқда. 1993 й. 2 янв. да Ўзбекистон Республикаси Жаҳон метеорология ташкилотита (ЖМТ) аъзо бўлди. Республика Гидрометеорология хизмати халқаро ташкилотлар: ПРООН (БМТнинг ривожланиш дастури), ЮКЕП (БМТнинг атрофи муҳит дастури), ЮНЕСКО, Жаҳон банки ва ГФР, АҚШ, Швейцария, Япониядаги гидрометеорология ташкилотлари билан гидрометеорология соҳасидаги лойиҳаларни яратиш ва амалга оширишда ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистонда Гидрометеорология хизматига 1992 й. дан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология Бош бошқармаси раҳбарлик қилади (қ. «Бошгидромет»).

Ад.: Очерки развития гидрометеорологии в Средней Азии, Санкт-Петербург, 1993; Гидрометеорология Ўзбекистана, Т., 1996; Ўзбекистон гидрометхизматининг тарихи музейи бўйича йўлкўрсаткич, Т., 1998.

Виктор Чуб, Малика Назарова.

Loading...