ГИДРОСФЕРА

ГИДРОСФЕРА (гидро… ва сфера) — Ер куррасидаги барча сувокеан ва денгизлар, дарё, кўллар ва ботқоқликлар, доимий қорлик ва музликлар, тупроқдаги намлик ҳамда ер ости суви мажмуи. Кўпинча, Гидросфера деганда океан ва дарёлар тушунилади, лекин бу — хато. Гидросферанинг умумий ҳажми 1491049 минг км3.

Г. Ер массасининг атиги 1/4100 қисмини ташкил этади. Гидросферанинг энг асосий қисми — Дунё океани Ер курраси умумий майдони (510 млн. км2)нинг 361 млн. км2 ни, ёки 71% ни Гидросфера қоплаб олган, кўл ва дарёлардаги сувлар эса қуруқлик майдонининг 6% часини эгаллаб туради. Ер куррасидаги барча абадий қор ва музликларнинг умумий майдони 21 млн. км2, бу эса Ер юзаси умумий майдонининг 4% ини, қуруқлик майдонининг 14% ини ташкил этади. Гидросферанинг кимёвий таркиби денгиз сувининг ўртача кимёвий таркибига жуда яқин, ундаги энг муҳим кимёвий элементлар: кислород —85,8%, водород —10,8%, хлор ва натрий — 2,95%. Г. сувлари узлуксиз ва тез ҳаракат қилиб, табиатда айланиб туради ва атмосфера, литосфера ва биосфера билан чамбарчас боғланишда бўлади. Гидросфера гидрология, океанология, геология, геокимё каби қатор географик фанларнинг тадқиқот предмети ҳисобланади.