ГИГАНТИЗМ (юн. gigas, gigantos — улкан) , улканлик, дарозлик — одам бўйининг ҳалдан ташқари баланд бўлиши, патологии ўсиши. Гипофизда ўсиш гормонининг кўп ишланиб чиқиши сабаб бўлади. Гигантизм кўпроқ эркакларда, ўсмирлик даврида учрайди. Бўйи 1,75 м дан баланд кишилар новча, 2 м дан баландлари дароз ҳисобланади (қ. Акромегалия). Г. ни баланд бўйлилик билан янглиштирмаслик лозим. Гигантизмнинг евнухоид хилида бармоқлар, қўл-оёқ панжалари катта бўлади, лекин иккиламчи жинсий белгилар ва жинсий аъзолар яхши ривожланмайди. Баъзан тананинг айрим-аъзосигина катта ёки узун бўлади, бу қисман Гигантизм дейилади. Гигант одамлар ҳамиша соғлом бўлавермайди, улар бош оғриғи, дармонсизлик, тез чарчаш, қўл-оёклари оғришидан шикоят қилишади. Мускуллари олдинига бақувват бўлиши мумкин, кейинчалик эса кучсизланиб қолади. Хотира, руҳий фаолият ҳамда жинсий функцияларнинг бузилиши, шунингдек гормонал ўзгаришлар (қалқонсимон без, меъда ости бези, жинсий безларда) кузатилади. Уларнинг буй-басти мутаносиб бўлмайди, оёқ-қўли, айниқса оёғи узун бўлади, боши ҳийла кичик кўринади. Агар бола тенгқурларидан анча баланд бўлса, врачга мурожаат қилиб, тегишли маслаҳатлар олиш лозим. Гормонал препаратлар, нур билан даволаш кўпинча яхши наф беради.