ГИЛ, соз лой — чўкинди тоғ жинси; 0,01 мм дан кичик субколлоид ва коллоид заррачалардан ташкил топади. Шунинг учун Гил юқори гигроскопиклик хусусияти ва нам сиғимига, кўп бўкиш, катта ёпишқоқлик, қовушқоқлик хусусиятларига эга. Сувда тез бўкиб, қовушқоқ масса ҳосил қилади, қуриганда эса намлигидаги шаклни сақлаб қолади. Гил ҳар хил тоғ жинсларининг нурашидан ҳосил бўлган маҳсулотларнинг денгиз ҳамда кўл ҳавзалари остида ётқизиқлар ҳосил қилиши натижасида пайдо бўлади; катта чуқурликдаги қатламларда у ҳаддан ташқари қаттиқ берч Гил ли жинсларга айланади. Минералогик таркибига кўра Г. каолинит, монтмориллонит, галлуозит ва б. минераллардан иборат. Ўзбекистоннинг суғорма деҳқончилик ҳудудларида тарқалган тупроқлар таркибидаги каолинит, монтмориллонит кўпроқ ўрганилган. Бундай минералли Гил тупроқда яхши сув ва озуқа режимини вужудга келтиради ҳамда уни донадор қилади. Шунинг учун қумли ва тошли тупроқлар унумдорлигини ошириш мақсадида уларга таркибида кўп органик модда тутувчи Гил ли минераллар (мас, бентонит) солинади.