ГИЛАМ

ГИЛАМ — бадиий тўқимачилик буюми; уй жиҳози. Гиламчилик маҳсулоти. Полга тўшаш, деворга осиш, хонани безаш, иситиш, товушни пасайтиришга хизмат қилади. Қўлда горизонтал ёки вертикал дастгохларда жун, ипак, каноп, пахта ва б. иплардан тўқилади. Тўқилишига кўра Г. нинг патли ва патсиз (палос), безагига кўра нақшли ва мавзули турлари фарқланади. Нақшли Гилам мужассамоти ҳандасий ёки ўсимликсимон безаклар, турли хил белги-рамзлардан иборат, айниқса, ислимий мужассамотлар ниҳоятда гўзал; мавзули мужассамотларда ов манзаралари, гуллаган боғлар акс этади. Яратилишига кўра, тўқима (гули тўқиладиган), тикма (гули тикиладиган), босма (гули бўяб босиладиган) турлари бор. Нақш мужассамоти (ҳандасий, ислимий, гириҳ ва б.) ва унда марказий майдон билан ҳошияси орасидаги нисбат, сифати (патли ёки патсизлиги, патининг узун-қисқалиги), бўёғи, ранглар уйғунлиги, хом ашёси, ҳажми Гиламнинг бадиий қимматини белгилайди.

Қўлда ва корхоналарда машинада тўқиладиган Марказий Осиё, Молдова, Россия, Руминия ва б. Г. лари кенг тарқалган (қ. Гиламчилик саноати). Ижро усули, сифати ва мужассамотининг мураккаблиги билан қўлда тўқилган Гиламлар бетакрордир.