ГИЛКОРЛИК

ГИЛКОРЛИК — ҳунармандлик тури; махсус қоришмалар тайёрлаш ва унинг ёрдамида тош (мармар, харсанг ва б.), ғишт териш, ўйма, бўяма нақш ишлаш санъати; шу соҳа билан шуғулланадиган уста гилкор деб аталади. Гилкор усталар қурилиш иши, қоришма тайёрлаш, суваш, нақш ишлаш бўйича ихтисослашади. Қоришма (таркиби унутилган) девор юзасига суртилиб, сўнг шу юзага нақш ўйиб ишланади ва бўялади. Бу меъморий безак ганч ўймакорлиги ва наққошлигига яқин (қ. Ганчкорлик, Наққошлик). Энг ривожланган даври 10 — 12-а. ларга тўғри келади. Афросиёб (10-а.), Термиз шоҳларининг сарой харобалари (11 — 12-а. лар), Ўзгандаги Шим. мақбара (12а.), темурийлар даврида яратилган меъморий ёдгорликлар ва б. да ганчкори ясси бўртма тасвирлар, нақшлар маҳорат билан ишланган, ганчни ўйиб ажойиб нақшли панжаралар ясалган. Г. Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Хитой, Япония ва б. Шарқ мамлакатларида ривожланган, хилмахил услуб ва анъаналари вужудга келган.

Гилкор усталар энг яхши анъаналарни ўзлаштирган ҳолда уларни замон талабларига мослаб ижодий ривожлантирмоқда.