ГИЛЛИ СЛАНЕЦ

ГИЛЛИ СЛАНЕЦ (нем. Greisen — парчаланиш) , аспид, қоплама сланец — гилли минераллардан ташкил топган чўкинди тоғ жинси. Гилларнинг Ер пўстида босим таъсирида зичланишидан ва қисман қайта кристалланишидан ҳосил бўлади. Кейинчалик ўзгариб филлита ёки хлоритли сланецга айланади. Гилли сланец қатланиш, ажралиш хоссасига эга. Сувда ивимайди. Гилга нисбатан қаттиқ. Геосинклиналь чўкиндиларига хос. Таркибида гилдан ташқари кварц, слюда, дала шпати ва б. минерал зарралари ҳам бўлади. Қора, кулранг, гоҳо яшил рангда учрайди. Ўзбекистонда Нурота, Зирабулоқ-Зиёвуддин, Чатқол-Қурама тоғларида кенг тарқалган. Хўжаликда Гилли сланецнинг ёнувчи турлари ёқилғи сифатида, бошқа турлари қурилишда, қоплама материал, баъзи бир электр асбоблари, қалам тайёрлашда, қ. х. да ўғит сифатида ишлатилади. Таркибида кианит, дистен ва андалузит бўлган Гилли сланец юқори т-рага чидамли материал сифатида ишлатилади.

Loading...