ГИЛОС

ГИЛОС (Cerasus avium L.) — раъногулдошлар (атиргуллилар оиласи)га мансуб данакли мева дарахти. Ёввойи ҳолда Ўрта ва Жан. Европа, Эрон, Кавказ, Украина, Молдовада учрайди. Европа мамлакатлари, Туркия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Япония, Украинанинг жан., Кавказ, Болтиқбўйи ва Ўрта Осиёда экилади.

Гилос дарахтининг бўйи 10—15 м (баъзан 30 м гача боради), шохлари қалин, ёйилиб ўсади. Барги чўзиқ-тухумсимон, тўқ яшил. Гули оқ, икки жинсли, гулбанди узун. Мевасининг шакли думало қ, юраксимон, эти ширали, сирти текис. Энг эртаги данакли мева. Тарки-бида 7—15% қанд, 0,36—1,1% кислота, витаминлар, 0,2% ошловчи ва 0,7% гача пектин моддаси бор. Янгилигида истеъмол қилинади, компот, мураббо, тайёрланади. Гилос асал берадиган ўсимликлар қаторига киради. Данаги мағзида 30% гача парфюмерия саноатида ишлатиладиган мой бор.

Гилос унумдор, нам, мўътадил ерларда яхши ўсади, ёруғлик ва иссиқликка талабчан. Кўчати экилгандан кейин 4 — 5-йили ҳосилга киради. Дарахти 100 йилгача яшайди, тупи 150—300 кг ҳосил беради. Асосан март—апр. да гуллайди, май—июнда пишади. Ёзи иссиқ худудларда яхши ўсмайди. Намга талабчан. Асосан магеллаб олчаси ёки ёввойи олчага пайвандлаб кўпайтирилади. Кўчати суғорилиб, таги юмшатилиб турилади. Гилос ёшартириш мақсадида 2—3 йиллик шохлари буталиб, дарахти қўшимча озиқлантирилади. Гилос учун айниқса елим оқиш касаллиги ғоят хавфли. Эрта баҳор ва ёзда инсектицидлар ва фунгицидларнинг бирон тури билан 2 — 3 марта ишлов берилади.

Навлари. Гилоснинг 100 га яқин нави маълум. Ўзбекистонда Гилоснинг Саври сурхони, Қора гилос, Сариқ гилос, Баҳор, Ревершон, Сариқ дрогана, Чкалов навлари кўп экилади.

Султан Холназаров.