ГИЛЬЗА

ГИЛЬЗА (нем. Hiilse, сўзма-сўз — қобиқ) — 1) артиллерия Г. си — порох заряди, қўшимча элементлари (аланга сўндиргич ва б.), алангалаш воситаси (капсула) ни жойлаш учун мўлжалланган юпқа деворли металл стакан;

2) милтиқ, пулемёт ва б. қуроллар учун мўлжалланган Гильза порох заряди ва ўқ билан бирга патронни ташкил қилади, у ҳам металддан тайёрланади. Ов милтиғи учун мўлжалланган Гильза металл ёки картондан ясалади, ичига порох заряди (питра, ўқ ва пиж — латта-путта ёки жун толалари) жойланади;

3) сув билан совитиладиган поршенли иссиқлик двигателлари блоккартерига ўрнатилган цилиндрик мослама. Ишқаланиб ишлайдиган сиртларнинг ейилишини камайтириш ва алмаштиришни осонлаштириш учун қўйилади. Двигатель поршени цилиндр Г. сида ҳаракатланади, шунинг учун Гильзанинг ички сирти яхшилаб силлиқланади; ташқи томондан блок-картернинг сув ғилофида айланиб юрадиган сув билан совитиб турилади. Бундай Гильза чўяндан ясалади;

4) папирос (сигарета) Гильзаси — тамаки жойланадиган қобиқ. У юпқа қоғоз ва қалинроқ қоғоз мундштукдан иборат. Фильтрли сигарета Гильзаси қоғоз фильтр билан тугайди.

Loading...