ГИПЕРПЛАЗИЯ (гипер… ва юн. Plasis — шаклланиш, ҳосил бўлиш) — тўқима ва аъзолар тузилиш элементлари (ҳужайралар)нинг зўр бериб кўпайиши натижасида улар сонининг ортиши. Гиперплазия одам, ҳайвон ва ўсимликларда ҳам кузатилади. Гиперплазия асосан ҳужайранинг янгидан қосил бўлишидир, аммо ҳужайра ичидаги нозик тузилмалар (ядро, ядроча, митохондрия, рибосома, лизосома, эндоплазматик тўр ва ҳ. к.)да ҳам Гиперплазия рўй бериши мумкин, айни вақтда ҳужайра кўпайиши б-н бирга катталашади (юракнинг мускул толаларидаги; буйрак, жигар эпителийсининг ҳужайраларидаги Гиперплазия). Г. физиологик (мас, ҳомиладорликда сут безлари эпителийсининг кўпайиши), бузилган функцияни тиклайдиган регенерация жараёни (қон йўқотилгандан кейин ёки камқонликда қон яратувчи системадаги Гиперплазия), патологик (эндокрин безлар ўзаро алоқасининг бузилиши натижасида ўсмалар ўсиши ва ҳ. к.) бўлиши мумкин. Гиперплазия баъзан тўқималарнинг айниб, атипик равишда ўсиши ва ўсма ҳосил бўлишига олиб келади.