ГИПЕРТРОФИЯ

ГИПЕРТРОФИЯ (гипер… ва юн. trophe — озиқланиш) — аъзонинг тўқима элементлари (ҳужайралар, мускул толалари) ўсиши оқибатида шу аъзо ёки унинг бирор қисмининг катталашиб кетиши. Гипертрофияга асосан аъзонинг зўр бериб ишлаши сабаб бўлади. Чин ва сохта, физиологик ва патологик Гипертрофия фарқ қилинади. Чин Гипертрофия аъзо паренхимаси ҳисобига рўй берса, сохта Гипертрофия аъзода оралиқ ва ёғ тўқима вужудга келишига боғлиқ. Сохта Гипертрофияда аъзо функцияси кучаймай, балки сусаяди. Мас, жисмоний иш билан шуғулланувчи соғлом кишиларда, шунингдек, спортчиларда доимий зўриқиш таъсирида скелет ва юрак мускуллари катталашиб кетади (физиологик Гипертрофия). Баъзи патологик Гипертрофия (касаллик оқибатида келиб чиқадиган Гипертрофия) ҳам юқоридагига ўхшаш рўй беради. Юрак-томир системаси (юрак пороклари, гипертония касаллиги) ва баъзи ўпка касалликларида патологик Гипертрофия кузатилади. Жуфт аъзолар (мас, буйрак) нинг биттаси олиб ташланса иккинчиси катталашиб, унинг вазифасини бажара бошлайди, яъни Гипертрофия бошланади (қоплама Г.). Нейроэндокрин бузилишлар ҳам патологик Г. га сабаб бўлади (қ. Акромегамия, Гирсутизм).

Loading...