ГИПОКСИЯ

ГИПОКСИЯ (гипо… ва лот. oxygenium — кислород) , ан оксия, кислород танқислиги — организмда ёки айрим аъзо ва тўқималарда кислород етишмаслиги ёки қабул қилинишининг бузилишидан келиб чиқадиган касаллик ҳолати. Гипоксия нафас олинаётган ҳавода кислород етишмаганида (мас, баландликка кўтарилганда), ер остида ишлаганда, нафас йўлларига ёт жисмлар тиқилиб қолганда, бронхлар спазмида ва б. ҳолларда рўй бериши мумкин. Гипоксия жуда кўп кузатилади ва турли-туман носоғлом (патологик) жараёнлар асосини ташкил этади. Гипоксия ўткир, бир лаҳза (оний) ҳамда сурункали бўлиши мумкин. Енгил Гипоксияда ҳам худди мастликка ўхшаш қўзғалиш ҳолати, олий нерв фаолияти, юрак ва нафас системасида сезиларли ўзгаришлар содир бўлади. Бирдан рўй берган Гипоксияда бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, юрак ва нафас фаолиятининг издан чиқиши кузатилади. Ҳатто қисқа муддат бош миянинг кислород билан таъминланмаслиги оғир оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Ўткир Гипоксия кўп қон йўқотилганда, миокард инфарк-mujxa ва б. оғир ҳолатларда, шунингдек, қоннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти бузилишига олиб келувчи ис гази б-н заҳарланганда рўй беради. Сурункали Гипоксия юрак фаолиятининг заифлашиши ва тўқималарнинг қон билан таъминланмаслигига сабаб бўладиган юрак пороклари, кардиосклероз касаллигида пайдо бўлиши мумкин. Баъзи витаминлар етишмаслиги ҳам Гипоксияга сабаб бўла олади. Гипоксиянинг олдини олиш учун унга чидамлиликни оширадиган махсус машғулотлар олиб борилади. Даво асосан Гипоксияга сабаб бўлган омилларни бартараф этишдан иборат.

Prev Article

ГИПОКОТИЛ

Next Article

ГИПОПЛАЗИЯ