ГИПОТЕРМИЯ

ГИПОТЕРМИЯ (гипо… ва юн. therme — иссиқлик) — одам ва иссиқ қонли ҳайвонларда т-ранинг одатдагидан пасайиши; бунга организмда иссиқликнинг ҳосил бўлишидан кўра кўпроқ сарфланиши сабаб бўлади. Терморегуляция (иссиқликнинг идора этилиши) бузилганда, мастлик, қон йўқотиш, шок ҳолатларида организмда иссиқлик ҳосил бўлиши билан унинг ташқарига чиқарилиши ўртасидаги нисбат бузилиб, гавда т-раси пасайиши мумкин. Гипотермия табиий ва сунъий бўлади. Табиий Гипотермия кўпгина ҳайвонларнинг қишки уйқуга мослашиш жараёнидир, бунда гавда т-раси тушиб кетганда ҳам улар бемалол яшай олади. Гипотермия шароитида моддалар алмашинуви, қон айланиши, тўқималарнинг кислородга бўлган эҳтиёжи кескин камаяди. Бу эса тиббиёт амалиётида одамнинг ҳам гавда т-расини сунъий тушириш имкониятини беради. Гавда т-расини сунъий тушириш учун вегетатив нерв системасига таъсир этадиган турли доридармонлардан фойдаланилади. Сунъий Гипотермиянинг умумий ва маҳаллий хиллари бор. Сунъий Гипотермия гипертермиянинг хавфли шаклида, калла суягимия шикастланишлари, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасининг қонайдиган хилларини даволашда қўлланилади. Ундан жарроҳлик, айниқса юракни операция қилишда кенг фойдаланилади, натижада қон айланиши қисман ёки тўла тўхтатиб қўйилади, натижада аъзо ва тўқималарда кислород танқислиги хавфи йўқолади.